Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги ПФ-5128-сонли фармони қабул қилинди.
2017 йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанба куни “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилинди. Бу Президентнинг 2 августда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустакиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб темир йўл соҳасини ривожлантиришга бўлган катта эътибор натижасида мазкур соҳада юксак марраларга эришилмоқда. Бугунги кунга келиб темир йўл транспорти тизими ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди.
Темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, мураккаб тоғ ва чўл шароитларида янги темир йўлларни барпо этиш, тезюрар поездлар ҳаракатини ташкил қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, юк ва йўловчи ташиш вагонларини ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, балки бутун мамлакатни тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз иктисодиётида стратегик аҳамиятга эга бўлган “Навоий-Учкудук-Нукус-Султонувайстоғ”, Амударё узра қурилган кўприк, “Тошғузор-Бойсун-Қумкўрғон” ва “Ангрен-Поп” темир йўлларининг қурилиши Ўзбекистонда мустақил, ягона темир йўллар тармоғини шакллантириш имконини яратди.
Мустакиллик йилларида юртимизда темир йўл соҳаси мураккаб тикланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Натижада бугунги кунда мамлакатимизнинг барча минтақаларини бир-бири билан ишончли ва самарали боғлайдиган ҳамда халкаро транспорт йўлакларига чикиш имконини берадиган темир йўл транспорт коммуникацияларининг мустақил, ягона ва яхлит тизими барпо этилди.
“Ангрен-Поп” темир йўли ва туннел қурилишининг тугалланиши ва фойдаланишга топширилиши Фарғона водийси вилоятларини республикамизнинг қолган ҳудудлари билан мустаҳкам боғлади, ушбу темир йўл Хитой-Марказий Осиё-Европа янги темир йўл транзит йўлагининг ажралмас ва муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида темир йўл транспорти коммуникацияларини ва инфратузилмасини янада ривожлантиришга 7,5 млрд. долларлик капитал қўйилмалар, шу жумладан 2,4 млрд. доллар хорижий инвестициялар йўналтирилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан янги темир йўлларни куриш ва реконструкция қилиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш имконини берадиган инновация лойиҳаларини тармокка жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш, соҳа учун замонавий билимли кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, бунинг учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ва бошка ижтимоий масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор каратилмокда.
Темир йўлларда юк ва йўловчиларни ташиш ҳажмини ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида охирги йилларда эришилган ютуқларни ҳисобга олиб ҳамда соҳа мутахассисларини кўллаб-кувватлаш максадида, шунингдек соҳада меҳнат қилаётган кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб:
1. 2017 йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанба куни “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, "Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, мутасадди вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни”ни соҳага мос тарзда, тантанали равишда ўтказишни таъминласинлар.
3. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва бошка оммавий ахборот воситаларига “Ўзбекистон Республикаси гемир йўл транспорти ходимлари куни”ни нишонлаш билан боғлик тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддат ичида “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни”ни нишонлаш бўйича тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатасига киритсин.
5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошкаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 2 август