...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарғоналик 121 ёшли момо Гиннес рекордлари китобига киритилади?!


09:43, 23.05.2016 Жамият
 6 396

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Фарғоналик Ҳувайдо ая Умаровани Гиннес рекордлари китобига киритмоқчи.

Ўтган ҳафта Фарғона вилоятида “Биз буюк юрт фарзандларимиз” ёшлар фестивали ўтказилди. Фестивал доирасида кексаларнинг ҳолидан хабар олишдек савобли ишга ҳам қўл урилди. Бундан бироз аввал, актёр Алишер Узоқов ва хонанда Машҳурбек Раимжонов Бувайда туманида истиқомат қилаётган 121 ёшли Ҳувайдо ая Умаровани йўқлаб боргани ҳақида хабар қилган эдик. Онахон юртимиздаги энг кекса одамлардан бири ҳисобланади. Ҳувайдо ая ҳақидаги маълумотлар интернет-нашрлар орқали чоп этилдию онахон бир зумда машҳур бўлиб кетди.
 
“Facebook.com” ижтимоий тармоғидаги “Maslahat.uz” гуруҳи аъзоларидан бири онахонни дунёнинг энг кекса кишиси сифатида Гиннес рекордлари китобига киритиш истагида эканини маълум қилди. Онахонни дунёга танитишга астойдил бел боғлаган фойдаланувчи Ҳувайдо ая Умарованинг фуқаролик паспорти суратини ҳам тармоққа жойлаштирган. Кўп ўтмай унинг фикрини қўллаб-қувватловчилар, Гиннес рекордлари китобига ўзбекистонлик аянинг киритилишини истаб, бу йўлда биргалашиб ҳаракат қилмоқчи бўлганлар ҳам топилди.
 
Гуруҳ аъзоларидан бири Гиннес рекордлари китобига Ҳувайдо аяни киритиш учун паспортда қайд этилган ёш аҳамиятсиз эканини, бунинг учун онахон махсус генетик текширувлар ўтиши кераклигини айтди. Агар  “Maslahat.uz” гуруҳи аъзолари кўзлаган мақсадларига етсалар, яна бир ўзбекистонлик Гиннес рекордлари китобидан ўрин олади. 

Теглар:Ҳувайдо Умарова Гиннес рекордлари Фарғона Бувайда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар