Айрим дорихоналарда ҳалигача дори-дармонлар нархида катта фарқ бор. Баъзиларида дори воситаларининг нархи асоссиз равишда ошириб сотилмоқда.
Давлат раҳбари куни кеча соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, уларда фаолият юритаётган кадрлар малакасини ошириш, ёш шифокор, ҳамшираларни жалб этиш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янги босқичга кўтариш ва аҳолини арзон ҳамда сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, соҳадаги мавжуд камчиликларга танқидий назар ташлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Фарғона вилоятидаги дорихоналарда дори воситаларининг нарх навоси ўрганилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дори-дармон воситаларининг чакана ва улгуржи савдоси назоратини жамоатчилик асосида амалга оширувчи жамоатчилик назорат гуруҳлари ва улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан Қўқон шаҳри, Фурқат, Бешариқ, Данғара туманларидаги дорихоналар ўрганилганида, дорихона ходимларининг сотилиши зарур бўлган дори-дармонлар тўғрисида тўлиқ тушунчага эга эмаслиги аён бўлди. Барча дорихоналар сотув залида дори-дармонлар нархи талаб даражасида ёзиб кўрсатилмаган, нархлар истеъмолчига деярли кўринмайди. Нарх-наво бир хил эмас. Шу боис бугунги кунда шаҳар ва туманлардаги барча дорихона ва тиббиёт муaссасалари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Фарғона шаҳридаги “Malham” хусусий дорихонасида харидорлар учун барча шароит яратилган. Энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шунингдек, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхати кўзга кўринарли жойга илиб қўйилган. Ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари белгиланган нархларда сотилмоқда.
Бироқ, айрим дорихоналарда ҳалигача дори-дармонлар нархида катта фарқ бор. Баъзиларида дори воситаларининг нархи асоссиз равишда ошириб сотилмоқда. Бу Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори ижроси устидан назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Айни пайтда фармацевтика соҳасида эришилган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Дори воситалари нархининг асоссиз оширилиши, бир хил дори воситаларининг нархида катта фарқ борлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди. Бу дорихоналарда дори воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқишни кун тартибига қўйди. 1 январдан кучга кирган қарор тизимдаги ана шундай муносабатларни тартибга солиш, аҳолининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилади.
Президент қарори асосида тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади. Эндиликда юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилгани учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган.