
Мажлисда айрим жойларда эскича ишлаш тизимидан воз кечолмаётган, уни қўмсаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмаслигига эътибор қаратилди.
Видеоселектор тарзида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов, Халқаро меҳнат ташкилоти бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп, ҳукумат аъзолари, вилоятлар ҳокимлари иштирок этди.
Видеоселектор аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 29 октябрь куни имзолаган “Барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш бўйича масъулиятини ошириш тўғрисида”ги фармони ўқиб эшиттирилди.

Йиғилишда ўтган ҳафтада интернет ва ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинган Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни вақтида суғормагани учун 6 кишининг сув оқиб турган ариққа кийими билан туширилганига оид масала муҳокама қилинди.
Мажлисда айрим жойларда эскича ишлаш тизимидан воз кечолмаётган, уни қўмсаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмаслигига эътибор қаратилди. Бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етарли даражада тушуниб етмаётган ана шундай раҳбарларнинг хатти-ҳаракатидан давлат раҳбари жиддий норози экани, бу каби камчиликларга қарши қатъият билан курашиш, мажбурий меҳнатга бирор бир соҳада йўл қўймаслик таъкидланди.
Мажлисда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик масалалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан назоратида экани, инсон ҳуқуқларини поймол этишга, мажбурий меҳнатга йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлиги, бундай ҳолатларда ким бўлишидан қатъи назар ҳар қандай мансабдор шахс муқаррар жазога тортилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррарлиги принципига қатъий амал қилиниши алоҳида таъкидлаб ўтилди.