2014 йилдан буён 1 май куни ўтказилиб келинаётган “Фавворалар сайли” ҳақиқий байрамга айланиб кетади.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз янгидан чирой очди. Қадимий обидалар тикланди, баланд ва осмонўпар бинолар, маҳобатли ўқув муассасалари, кутубхоналар барпо этилди. Боғлар ташкил қилинди, йўллар, кўприклар қурилди. Буларнинг ҳар бири бугун шаҳар ва қишлоқлар кўркига кўрк қўшиб турибди. Ўзбекистондаги ҳар бир кўча ўзининг қайсидир биноси – ё замонавий кўринишдаги мактаби, ё серқатнов янги кўприги, ё янги санъат саройи билан тилга тушган. Уларнинг шундоққина рўпарасида қурилган фавворалар эса бу ҳукм сураётган тинчлик ва фаровон ҳаётдан дарак бериб тургандек.
Ўтган йилларда 1 май – “Фавворалар сайли” катта байрам сифатида нафақат Тошкент шаҳри, балки Самарқанд, Бухоро вилоятларида ҳам нишонланди. Фавворалар атрофида хонандалар ва созандалар, театр актёрлари иштирокида концерт-томошалари ташкил этилди. Аҳоли ҳордиқ чиқариши учун шароит яратилди.
Эртага, 1 май куни бўлиб ўтадиган “Фавворалар сайли” байрам тадбирларига аллақачон тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Тошкент шаҳридаги тадбирларга бугун, 30 апрель куни, кечки соат 18:00 да старт берилади. Тадбирлар Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Хадра ҳамда Сайилгоҳ майдонлари, “Истиқлол” санъат саройи майдони, Мирзо Улуғбек хиёбонида бўлиб ўтади.