...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эртага Тошкентда катта бокс кечаси ўтказилади


14:34, 04.05.2018 Спорт
 3 641

Бугун ушбу бокс кечаси олдидан матбуот анжумани ва расмий вазн ўлчаш маросими ўтказилди.

Эртага, 4 май куни Тошкент шаҳрида профессионал бокс бўйича катта жанг оқшоми ташкил қилинади. Унда ўзбекистонлик боксчилар Россия, Грузия, Танзания ва Индонезия мамлакатларидан ташриф буюрадиган чарм қўлқоп усталарига қарши рингга кўтариладилар.
 
Оқшомнинг марказий жангида ҳамюртимиз Азизбек Абдуғофуров россиялик Дмитрий Чудиновга қарши рингга кўтарилади. Ушбу жангда ғалаба қозонган боксчи WBC Silver камари соҳибига айланди.
 
Бугун ушбу бокс кечаси олдидан матбуот анжумани ва расмий вазн ўлчаш маросими ўтказилди. Анжуманда боксчилар билан бирга WBC супервайзерлари, промоутерлар, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вакиллари ҳам иштирок этишди.


 
“Илиқ кутиб олишгани учун Ўзбекистон мамлакатига миннатдорчилик билдираман. WBC илк маротаба Ўзбекистонда мана шундай катта бокс оқшомини ташкил қилмоқда. Эртага икки ажойиб, келажаги порлоқ боксчилар иштирокида қизиқарли жанг томоша қиламиз. Уларнинг ҳар иккисига ҳам омад тилаймиз”, деди WBC супервайзери Оксана Сининишина.
 
Боксчилар ҳам ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.
 
– Азизбек, эртанги жангда рақибингизни нечанчи раундда нокаут қилмоқчисиз?
 
– Бу ринг. Жанг олдидан мен шу раундда рақибимни нокаут қиламан деб аниқ айта олмайман. Эртанги тўқнашувда мен ўзимнинг энг кучли жангимни кўрсатиб, ғалаба қозонмоқчиман.


 
Ҳудди шу савол боксчининг рақиби Дмитрий Чудиновга ҳам берилди:
 
“Бу жангга етиб келиш учун анча меҳнат қилдим. Жанг натижаси қандай бўлишини ринг кўрсатиб беради”, деб жавоб берди россиялик боксчи.
 
Россиялик боксчининг промоутери Альберт Хачатуров Ўзбекистон бокс мамлакати эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.


 
“Ассалому алайкум. Мен бу мамлакатга бегона эмасман. Андижон вилоятидан чиққанман. Ушбу жангдан бутун бир мамлакат, ўзбек бокси ютади. Ўзбекистон бокс мамлакати эканлиги барчага маълум. Ишончим комилки, яқин йиллар ичида Ўзбекистондан профессионал боксда жаҳон чемпиони чиқади. Бунга шубҳа қилмайман”, деди промоутер.
 
Матбуот анжумани якунланганидан сўнг боксчилар иштирокида расмий вазн ўлчаш маросими ўтказилди.
 
Эслатиб ўтамиз, эртанги жангда қуйидаги жуфтликлар рингда ўзаро тўқнаш келадилар:
 
Азизбек Абдуғофуров – Дмитрий Чудинов (Россия)
Қудратилло Абдуқаҳҳоров – Тваха Кидуку (Танзания)
Жасур Аҳмаджонов – Стеви Онген Фердинандус (Индонезия)
Олимжон Назаров – Хвича Гиголашвили (Грузия)
Жамшид Нажмиддинов – Каха Аветисиани (Грузия)
Улуғбек Собиров – Жоржи Унгиадзе (Грузия)
Анвар Туробов – Рой Мухлис (Индонезия)
 
Жанглар Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўтказилади.
 
Тадбирдан олинган суратлар Миллий Олимпия қўмитаси ходимлари томонидан тақдим этилди.





Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Бокс 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!