Сенатнинг ялпи мажлиси 4 октябрь куни бошланади.
Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12-ялпи мажлисини 4 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши масаласи кўриб чиқилади. Мазкур ҳужжат 28 сентябрь куни парламентнинг қуйи палатаси томонидан қабул қилинган эди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5–6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар режасини (“Йўл харитаси”ни) ижро этиш мақсадида Давлат чегаралари тўғрисидаги Шартнома ишлаб чиқилган эди.