...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрон АҚШга қарши иқтисодий санкциялар эълон қилди


13:31, 16.12.2015 Олам
 3 436

АҚШнинг 227 та маҳсулоти энди Эрон бозорларида сотилмайди. АҚШнинг бир неча товарларига тақиқ қўйилди.

Эронда АҚШда ишлаб чиқарилган 227 та маҳсулот тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда cnsnews.com интернет саҳифаси хабар бермоқда.

Яқинда Эронга қўйилган кўпгина санкциялар бекор қилиниши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Эроннинг ички бозорлари хорижий маҳсулотлар билан тўлиб кетиши мумкин. Бундай ҳолат маҳаллий маҳсулотларга қаттиқ зарба бериши мумкин. Эроннинг Савдони ривожлантириш ташкилоти мамлакатнинг 31 вилоятига тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини тарқатиш тўғрисида кўрсатма чиқарди.

Рўйхат турли хилдаги маҳсулотларни ўз ичига олади: оддий сақич ва тамаки маҳсулотларидан тортиб, то маиший техника ҳамда ҳарбий танклар, зирҳланган машиналаргача.

Ташкилотнинг кўрсатмаси Эрон Ислом Республикаси Кон саноати ва савдо-сотиқ вазири Муҳаммад Ризо Неъматзоданинг буйриғига жавобан тузиб чиқилди. Мазкур буйруқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, АҚШ истеъмол маҳсулотларининг импортини тақиқлашни назарда тутади.

Шу йилнинг октябрида Эроннинг диний раҳбари оятулло Али Хаменеи ҳукуматни “Қаршилик қилиш иқтисодиёти”нинг механизмларини ишлаб чиқишга даъват қилган эди.

АҚШнинг анчадан буён амалда бўлган санкцияларига қарамай, чанқоқбости ичимликлар, тамаки маҳсулотларига ўхшаган товарлар ноқонуний йўллар билан Эрон бозорларига киришда давом этмоқда.

27 октябрь куни Эрон президенти Ҳасан Руҳони 2015 йил охирларида унинг давлатига қўйилган санкцияларнинг олиб ташланишини айтиб ўтди. Эрон ва халқаро воситачиларнинг “Олтилик гуруҳи” (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва Хитой) жорий йилнинг июль ойида Эроннинг ядровий дастури бўйича келишувга эришишган эди. Келишувга кўра, Теҳроннинг ядро дастури учун керакли уранни бойитиш имкониятлари чеклаб қўйилди. Бунинг эвазига, аста-секин Эронга қарши эълон қилинган санкциялар олиб ташланади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, 2015 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ҳам Эрон Ислом Республикаси ва Эрон ядровий дастури бўйича халқаро воситачиларнинг “Олтилик гуруҳи” ўртасида 2015 йилнинг 2 апрель куни Лозанна шаҳрида эришилган “Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасининг асосий параметрлари” бўйича келишувларни қўллаб-қувватлаган эди.

Теглар:Эрон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!