Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёт бўлганида, 28 декабрь куни 80 ёшни қаршилар эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг 2016 йил 7 декабрдаги қарори билан ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Кеча, 28 декабрь шоир 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган хонадонига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда шоирнинг яқинлари, дўстлари, адабиётшунос олимлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари ва адибнинг оила аъзолари атоқли шоир қабрини зиёрат қилди. Шоир қабрига гул қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида эса Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқар экан, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш, ижодкорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги юксак эътибор ифодаси эканини, атоқли шоиримиз ижоди ва унинг адабиётимизда тутган ўрни, ҳамиша ёш авлодни янгича тафаккур билан яшашга ундашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Ўзбек Миллий академик драма театридаги адабий-бадиий кечада Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодини ўзида акс эттирган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбирда Эркин Воҳидовнинг рафиқаси Гулчеҳра Воҳидова атоқли шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги юксак эъзоз-эътибор учун Президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.
Маросимда Эркин Воҳидов севган ва унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан иборат концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Ниғматилла Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Аабдулла Арипов иштирок этди.