Яқин кунлар ичида Воронежда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истайдиган фуқароларни танлаб олиш жараёни бошланиши хабар қилинмоқда.
Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Россиянинг “Виноградная лоза” МЧЖ ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россияда иш билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида Битим имзоланди.
Битимни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва “Виноградная лоза” МЧЖнинг ваколатли вакили М.Қамариддинова имзолаган.
“Виноградная лоза” МЧЖ вакиласи М.Қамариддинованинг маълум қилишича, ишчилар турар-жой билан таъминланади. Суғурта полиси ҳавола берилади ва патент расмийлаштирилади. Ҳар куни тушлик таом билан таъминланади. Иш берувчининг патентга тўлаган харажатлари ишчининг бир неча ойлик маошидан ушлаб қолинади.
Яқин кунлар ичида Воронежда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истайдиган фуқароларни танлаб олиш жараёни бошланиши хабар қилинмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимовнинг таъкидлашича, Агентлик шу пайтгача ташкилий ишга ёллаш соҳасида Россиянинг қатор минтақалари билан ҳамкорлик қиларди. Бугун Воронеж вилояти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Виноградная лоза” МЧЖ кадрлар агентлиги бўлиб, рекрутинг хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият юритиб келади. Шунингдек, мазкур жамият “Выбор” қурилиш компанияси ва Ўзбекистоннинг минтақадаги савдо уйи ҳисобланган “Агросоюз” компанияси билан ҳамкорлик қилади.