Бу ҳақда Президентнинг тегишли қарори имзоланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент шаҳридаги туман Ички ишлар бошқармалари фаолияти тугатилиши белгиланган.
Ушбу қарорда қуйидагилар белгилаб берилган:
“Тошкент шаҳридаги туман ички ишлар бошқармалари (бўлими) негизида туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда — секторлар) ҳудудлари доирасида куч ва воситаларни мақсадли тақсимлаган ҳолда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари (кейинги ўринларда — мувофиқлаштириш бошқармалари) ташкил этилсин.
Мувофиқлаштириш бошқармаларининг асосий вазифалари этиб куйидагилар белгилансин:
- ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини таҳлил қилиш, режалаштириш ва ташкил этиш, секторларга бўлиш тамойили асосида туман ҳудуди доирасида реал вужудга келган тезкор ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда мавжуд куч ва воситаларни тақсимлаш;
- халқ билан манзилли мулоқотни, фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашишни, секторларга бириктирилган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан узвий ҳамкорликни ташкил этиш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши, жамоат тартиби самарали сақланиши, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва олди олиниши, содир этилаётган жиноятларга тезкор чоралар кўрилишини таъминлаш”.
Икром Раҳмон