Айрим дорихоналарда ускуна носозлиги ёки бошқа бирор сабаб туфайли товар чеки берилмаслиги ҳолатлари қайд этилаётган эди.
“Айрим дорихоналарда ускуна носозлиги ёки бошқа бирор сабаб туфайли товар чеки берилмаслиги ҳолатлари қайд этилаётган эди. Бу эса дори воситаларининг чекланган нархларда сотилиши ва сифати устидан истеъмолчи назоратининг сусайишига олиб келаётганди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китоби шаклини тасдиқлаш вазифаси белгиланди. Ушбу китоб қатъий ҳисоби юритиладиган бланк ҳисобланади ва ундан товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз, ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳоллардагина фойдаланилади. Ушбу бланкда ҳам товар чекида қайд этилувчи маълумотлар тўлиқ акс этади”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова.
Мутахассиснинг хабар беришича, товар чеклари китобида қуйидаги маълумотлар жой олади:
- Дори воситаси ёки тиббиёт буюмининг номи;
- Идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори);
- Уларни берувчи шахсга оид маълумотлар;
- Бериш санаси;
- Нархи.
Товар чекларининг аҳамиятли томони шундаки, агар истеъмолчида тиббий препаратнинг нархи оширилгани хусусида шубҳа юзага келса, уни аниқлаш товар чеклари орқали амалга оширилади. Илгари фақат касса чеки берилар ва унда дори воситаларининг номи ва ҳар бирининг нархи қайд этилмасди. Эндиликда харидорнинг ўзи ҳам жамоатчилик назоратини амалга ошириши ва дори воситаларининг чекланган нархларда сотилишини назорат қилиб бориши мумкин. Бунинг учун дори воситалари ва тиббий буюмлар харид қилинганда, албатта, касса чеки билан бирга, товар чеклари ёки унинг муқобили бўлган товар чеклари китоби бланкаси тўлдириб берилишини сўранг.