Тўйлардаги исрофгарчилик, кўз-кўз қилиш ҳолатлари аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.
Шундан келиб чиқиб, Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан “Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини янада ихчамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига халқ муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Қарор лойиҳаси 11 сентябрь куни муҳокама учун қўйилган бўлса, 26 сентябрда муҳокама қилиш жараёни якунланади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, вилоятда ҳар қандай тўй ва маросимлар бир кунда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйиш, Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган тўй базмларни кечки соат 22:00 да тўхтатиш лозимлиги назарда тутилган.
Бундан ташқари, шаҳар ва туманлардаги ресторан, кафе ва тўйхоналарда маросимларни ўтказиш вақтини 3 соатдан ортиб кетмаслигини назорат қилинишини таъминлаш масаласи қайд этилган.
Ҳар қандай тадбирларни бир кунда, кўпи билан 200–250 нафардан ортиқ меҳмонларни жалб этмаган ҳолда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилиши тавсия этилган.