Шу вақтгача банклар чет элга жўнатиш учун фақат нақд пул кўринишида хориж валютасини қабул қилар эдилар.
“Жорий йил 1 декабрдан бу хизматни ишга туширамиз. Натижада исталган киши хориж валютасини чет элга юбориш учун ёнида хориж пул бирлиги бўлмаса ҳам миллий валютада пул юборишлари мумкин бўлади. Улар миллий валюта билан банкка келишади. Банкда эса миллий валюта автоматик равишда хориж валютасига конвертация қилинган ҳолда хорижга юборилади”, дейди Тимур Ишметов.
Бугунги кунда кўплаб ўзбекистонликлар чет элда таълим олаётган ёки даволанаётган яқинларига пул жўнатиш хизматидан кенг фойдаланадилар. Шу вақтгача банклар чет элга жўнатиш учун фақат нақд пул кўринишида хориж валютасни қабул қилар эдилар. Конвертация очилган бўлсада, ўзбекистонликлар миллий валютани хориж валютасига айирбошлашганида уни нақд кўринишда қабул қила олмаяптилар. Аммо яқин орада бундай муаммо ҳам бартараф этиладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрдан Ўзбекистоннинг жисмоний шахслари тижорат банкларининг конвертация бўлимларида амалдаги тартиб-қоидаларга асосан чет эл валютасини эркин сотиши ёки сотиб олиши мумкин. Улардан эса чет элда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш имкониятини қўлга киритди. Шу кундан эътиборан Ўзбекистондаги юридик шахслар ҳам халқаро операциялар учун тўловни амалга ошириш учун тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда хориж валютасини сотиб олиши мумкин бўлди.
Ўзбекистон банклари аҳолидан сентябрь-октябрь ойларида банкларга ярим миллиард доллардан ортиқ маблағ қабул қилиб олганлар.