Махсус бланкалардан фойдаланиш амалиёти Telegram дастурининг @PassportInfoUz аккаунтида (bot) рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади
Охирги пайтларда мазкур тизимда олиб борилган қатор ислоҳотлар турнақатор навбатлар, ечими йўқ баъзи бир саволлар, қат-қат ҳужжат тўплаш каби “оворагарчилик”лардан бирмунча халос қилгани рост.
Бироқ, шундай бўлсада, миграция масалаларига доир ва фуқароликни расмийлаштириш тизими маълум бир вақтни талаб этаётган амалиёт бўлиб қолмоқда.
Мазкур масала борасида яқинда ажойиб янгилик эълон қилинди... Энди вақт ва ортиқча харажатларни тежашнинг маълум маънодаги имкониятлари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси мутасадди ходимлари ҳамкорлигида масофадан туриб Telegram ижтимоий ёзишмалар дастури орқали миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимларида ишлатиладиган махсус бланкаларни фуқароларга бепул тақдим этиш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасининг веб-саҳифасида маълумот бермоқда.
Энди фуқаро миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимларида ишлатиладиган махсус бланкаларни кўчириб олиб, улардан фойдаланиш амалиёти Telegram ижтимоий ёзишмалар дастурининг @PassportInfoUz аккаунтида (bot) рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади.
Бу ҳақдаги батафсил маълумотлар Ички ишлар Бош бошқармасининг веб-саҳифасида аҳоли этиборига ҳавола этилган.