“Таълимдаги масалаларга эса уларнинг ўринбосарлари масъул бўлсин”, дейди Бош вазир.
Бош вазир бундан буён мактаблар ҳокимликларга эмас, балки тўғридан тўғри Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини, мактаб директорлари ҳокимликлардаги мажлисбозликлардан фориғ этилишини, ўқитувчилар эса бюрократиядан қутулишини алоҳида таъкидлади.
“Энди мактаб директори керак-нокерак мажлисларга чақирилмайди. Ўқитувчилар эса ҳужжатбозликдан озод этилиши шарт. Ўқитувчиларнинг ишига бир эътибор беринг, 1-2 соат дарс беради, 4 соат қоғоз тўлдиради, ҳисобот ёзади. Бу ҳужжатларнинг кимга кераги бор? Ахир ўқитувчининг ўз устида ишлашга, билимини оширишга вақти қолмаяпти-ку”, дейди Бош вазир. Ҳукумат раҳбари янги вазир Шерзод Шерматовга юзланар экан, биринчи навбатда бу масалаларга ечим топиш зарурлигини уқтирди.
Гап бориб мактаб раҳбарларини танлаб олиш тизимига тақалди.
“Мактаб директорлари бирор фандан кучли ўқитувчи бўлиши шарт эмас. Кучли лидер, бошқарувчилик қобилиятига эга мутахассис, менежер бўлсин. Мактабига хусусий секторни жалб қила оладиган, тадбиркорлар билан мулоқотга киришишга уста одамлар директор бўлиши керак. Таълимдаги масалаларга эса уларнинг ўринбосарлари масъул бўлсин”, дейди Бош вазир.
Сўнгги йилларда мамлакатда ўқитувчилар қаторида мактаб директорларининг ҳам обрўси тушиб кетди. Текширувлар, ҳужжатбозлик, булар ҳам етмагандек, мактаб директори ўқитувчиларга бош бўлиб ўқувчиларининг подъездини тозалаб юриши ақл бовар қилмас ҳолатлар эди.
Бош вазир Шерзод Шерматов ва унинг янги жамоасидан ўқитувчилар обрўсини ошириш юзасидан таклиф қиритишларини сўради.