Трампнинг қаттиқ танқидларга сабаб бўлган қарори фойда беришни бошлади.
Бу қарорни Хитой, Россия билан бир қаторда Европа Иттифоқи ҳам қаттиқ танқид қилган эди. Трампнинг қарори дунёда савдо урушини келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланган.
Қатор мамлакатлар ҳозирги вақтда Трампнинг божига жавоб қайтаришни бошлаб юборди. Жорий йил 16 июнь куни Хитой 800 турдаги Америка маҳсулотларига 50 миллиард доллар миқдорида бож жорий қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Осмон ости мамлакатидан кейин Ҳиндистон АҚШга навбатдаги иқтисодий зарбани берди. Мамлакат 30 турдаги Америка товарига божларни 50 фоизгача кўтариши ҳақида Жаҳон савдо ташкилотини (ЖСТ) огоҳлантирди.
Ҳиндистон АҚШ товарларига божларни кўтаришдан 239 миллион доллар фойда олишни режалаштиряпти. АҚШ божларидан келадиган зарар эса 241 миллион долларга баҳоланяпти.
Хитой ва Ҳиндистондан кейин Россия ҳам четда қолишни хоҳламай АҚШ иқтисодий зарар келтирувчи режани ишлаб чиқишни бошлаб юборди.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, АҚШ божларига жавоб чоралари 540 миллион доллар бўлиб, бу келтирилган зарар билан тенг миқдорда бўлади.
“537,6 миллон доллар – бу биз мувозанатга келтириш учун жорий қилишимиз мумкин бўлган сумманинг энг максимали. Биринчи босқичда у 93 миллион доллар атрофида бўлади. Бу пуллар қўшимча божхона божи сифатида ҳисобланади”, деб изоҳлади вазирлик.
Ва ниҳоят, АҚШнинг ҳамкори, дўсти Европа Иттифоқи ҳам пўлат ва алюмин божига жавоб қайтарди. ЕИ май ойидаёқ ЖСТни жавоб чоралари кўриши ҳақида огоҳлантирган эди.
Жавоб чораларига ЕИ мамлакатларига экспорт қилинувчи, йилига 2,8 миллиард еврога тенг бўлувчи АҚШ товарлари киритилди. Аҳамиятлиси шундаки, қарши чоралар нафақат металл маҳсулотлар, шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига ҳам тааллуқли бўлди. ЕИ бу фақат бошланиши экани ва АҚШга қарши яна савдо чоралари киритилиши ҳақида таъкидлади.
Трамп жорий қилган божларга қарши қатор мамлакатлар жавоб қайтариши мумкин. Булар қаторида Туркия, Мексика, Жанубий Америка мамлакатлари ва бошқа давлатлар бор.