...
МЕНЮ
ONLINE TV

Элчи хоним Мирзиёев ҳақида: “У ҳукумат золим куч бўлишини хоҳламайди”


22:20, 15.01.2018 Олам
 5 536

Журналист Навбаҳор Имомова одатий саволлардан қочишга ҳаракат қилган. Унинг саволларида Президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан мулоҳазаларини ҳам илғаш қийин эмас.

Аввалроқ, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси “Америка овози” журналисти Навбаҳор Имомова билан суҳбат қургани ҳақида хабар берган эдик.
 
Элчи хоним суҳбат давомида Ўзбекистондаги охирги ўзгаришлар билан Президент Шавкат Мирзиёев шахсига ҳам тўхталди.
 
“Президент Мирзиёев жуда очиқ одам, назаримда. Раҳбарликка келиши биланоқ бу кўзимга ташланди. Одамлар билан яқиндан очиқ мулоқот қилишни хоҳлайди, сизни қунт билан тинглайди. Гаплашаётганда сиз томон эгилади. Президент Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Лиза Куртис билан учрашганида ҳам шундай мулоқот қилди.
 
Барча учрашувларда шуни кўраман. Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон ҳам 2016 йил келганида жуда очиқ гаплашди. Ғояларни олқишлайди. АҚШдан, Европадан, Жанубий Кореядан... Бу жуда яхши, назаримда. Кўп жиҳатдан ташқи дунёга ёпиқ турган давлатнинг ҳаммага очиқ эканини кўрсатмоқда.
 
Энди бу реал маънода нимани англатади, буни вақт кўрсатади, лекин “биз ҳамма билан ишлашга шаймиз” деб туришнинг ўзи ҳам катта ўзгариш.
 
У билан очиқ гаплашса бўлади, деб ўйлаймиз. Давлатини янгича йўлдан олиб боришга тайёр раҳбар деб ҳисоблаймиз. Бу дегани Мирзиёев билан яқиндан ишлай оламиз”.
 
Памела Спратлен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга кутилаётган ташрифи ҳақида гапиради.
 
“Шундай катта умид бор ва ҳар қандай элчи давлатларнинг раҳбарлари учрашишини хоҳлайди. Энг олий даражадаги учрашув бўлса, мен элчи сифатида жон дейман. Ўтган ойда Президентлар телефонда гаплашди. Самарали мулоқот, ижобий. Кейинги қадамлар устида ҳаракат кетмоқда. Вашингтонга ташриф, албатта, энг ажойиб воқеа бўлади”, дейди элчи.
 
Журналист Навбаҳор Имомова одатий саволлардан қочишга ҳаракат қилган. Унинг саволларида Президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан мулоҳазаларини ҳам илғаш қийин эмас. Имомованинг “Мирзиёев сизни ҳайрон қолдирадими? Чунки, биласиз, у системадан чиққан. Камдан-кам одам у ҳозиргидек раҳбар бўла олади деб ўйлаган” деган саволига Памела Спратлен шундай дейди:
 
“Шак-шубҳасиз. У нафақат мени, балки ҳаммани ажаблантирди. Унинг раҳбарликка танланиши жуда қизиқ, эҳтиёткорона ва пишиқ, чуқур мулоҳазали бир қарор бўлди. Халқаро ҳамжамиятда ҳеч ким Президент Каримов ўрнига шу одам келади деб кутмаган эди. Мени, шахсан, Мирзиёев жуда кўп жиҳатдан ҳайрон қолдирган ва қолдиради.
 
Биринчидан, унинг темпераменти, боя айтганимдек. У одамлар билан ишлашни хоҳлайди, ҳамжиҳатлик тарафдори. Иккинчидан, ва бу Ўзбекистон халқи учун жуда муҳим: Мирзиёев раҳбарликка келганидан бери давлат ва халқни яқинлаштириш ҳаракатида. Халқ манфаатларини ўйланг, у билан мулоқот қилинг, деб келмоқда. Бундай ёндашувни одамлар, назаримда, кутмаган эди.
 
Оқсашлар бўлди албатта, лекин айрим ишлари самара бера бошлади. Гапираётганида бир нарса ойдек равшан: у ҳукумат золим куч бўлишини хоҳламайди, аксинча, ҳукумат халққа хизмат қилсин, дейди. Бунга эришиш эса жуда қийин. Машаққатли йўл олдинда, лекин Мирзиёевнинг халққа хизмат қилишга бел боғлагани мен учун кутилмаган ҳол.
 
Иккинчи ажабланарли ҳол, ҳукумат аппаратини янгилаш ҳаракати. Олдинлари эски давр одамлари кўп эди. Уларнинг айримлари ҳали ҳам бор. Лекин улар орасида жуда иқтидорли одамлар ҳам бор — кўп нарсани билади ва фойдаси катта. Янги шахслар ҳам сероб. Ҳукуматнинг чет элда ўқиганларга кенг очилаётгани ҳам катта ўзгариш.
 
Ёшларга эътибор катта. Хорижда ишлаётганларга салбий эмас, ижобий руҳда қарашаётгани таҳсинга сазовор. Сиз, масалан, бу ҳақда кўп гапириб келасиз, Twitter ва бошқа жойларда. Бу жуда муҳим. Бозор иқтисодиёти ҳам силжий бошлади. Олдинда қилинадиган ишлар талай. Бироқ Президентнинг бу борада БМТда ва бошқа минбарлардан туриб гапириши, янги йўналишга ўтиш, ўтган сентабрда Нью-Йоркда АҚШ бизнес доираларига бу борада очиқ айтиши кенг олқишланди. Энди биз кутаяпмиз, бу қарорлар амалга ошишини.
 
Ҳар куни хушхабар. Олдинлари Ўзбекистонга шошмай, чой ичиб, асталик билан ҳаракат қиладиган халқ ва ҳукумат деб қарашар эди. Ҳозир ҳам кўп жиҳатдан мана шу маданият жойида. Лекин бугунги сигнал шуки, Ўзбекистон олдинга шаҳдам қадам ташлашга шай.
 
Президент Мирзиёев, назаримда, орқада қолмоқчи эмас; дадиллик ва эпчиллик билан кўпроқ бизнесларни жалб этмоқчи; мамлакатда тўғридан-тўғри сармоя оқими ошсин, дея уринмоқда. Бу жуда қийин, лекин ўтган йили сентябрда конвертацияни очгани у бу машаққатни енгишга бел боғлаганидан дарак. Шундай экан, яна кўплаб хушхабарлар кутиб қоламиз”.

Теглар:Памела Спратлен Навбаҳор Имомова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!