...
МЕНЮ
ONLINE TV

ЕИ асосчиларидан бири Шавкат Мирзиёевни ўзига чорлаяпти


10:07, 22.10.2018 Жамият
 6 398

Президент Сержо Маттарелла Ўзбекистон Президенти билан учрашиш таклифини билдирди.

Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида Италия Республикаси Президенти Сержо Маттареллага ишонч ёрлиқларини топширди.
 
“Квиринале” саройида бўлиб ўтган маросимдан сўнг қисқа суҳбат чоғида Италия Президенти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг ҳурмати ва эҳтиромини етказиб қўйишни сўраган. У 18 йиллик тўхталишдан сўнг икки давлат раҳбарларининг тўғридан-тўгри мулоқотини қайта тиклашнинг муҳимлигини таъкидлаган ҳамда Ўзбекистон Президентини унга қулай бўлган вақтда Италияда қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
 
Европа Иттифоқининг асосчи-давлати бўлган Италия аввал бошдан Ўзбекистон-Европа муносабатларининг ўрнатилишида фаол рол ўйнаган. Жумладан, Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 1996 йилда Италиянинг ЕИга раислиги даврида айнан мазкур давлатда Флоренсия шаҳрида имзоланганди.  Шундан келиб чиққан ҳолда Сержо Маттарелла Италия бундан кейин ҳам Евроиттифоқ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирган.


 
Италия раҳбарининг фикрича, икки давлатнинг халқаро майдонда янада фаол ҳамкорлик қилиши учун, жумладан Афғонистондаги ҳолатни барқарорлаштиришга ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш борасида яхши имкониятлар мавжуд.
 
У Ўзбекистон – Италия алоқаларини парламентлараро йўналишда, асосан дунёда Италия олдинги ўринларда турувчи соҳаларда иқтисодий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш орқали жадаллаштириш зарурлигига ҳам тўхталиб ўтган. Президент шунингдек маданият, таълим ва туризм соҳаларида икки томонлама яқин шерикчиликнинг истиқболларини эътироф этган.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил январь ойида Германияга ташриф буюради. Бу Шавкат Мирзиёевнинг Европа давлатларига амалга оширган иккинчи ташрифи бўлади. Биринчи ташриф Францияга уюштирилганди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ўзбекистон-Италия Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар