Нойернинг жаҳон чемпионатига бориш имкониятлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида янги мақола ёздим.
Орзиқиб кутилган жаҳон чемпионати бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Катта футбол байрами бошланиши арафасида 32 терма жамоа ўзларининг якуний таркибларини саралаб маълум қилишни бошлади.
Германияда эса бундай иш бошқача олиб борилди. Ўтган ҳафтада мураббий Йоахим Лёв Россияга борадиган кенгайтирилган таркибни эълон қилди. Ушбу рўйхатдан 241 кундан бери майдонга тушмаган Мануэль Нойер ҳам ўрин эгаллаган эди.
32 ёшли посбон сўнгги вақтларда дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири дея кўрилаётган эди. FIFPro талқини бўйича сўнгги беш йилнинг тўрттасида рамзий терма жамоага киритилди. Нойернинг жаҳон савиясидаги посбон эканлигига қарамай, Лёв уни Россияга олиб бориш йўлида катта таваккалга қўл урди. Шубҳасиз, Нойер қоғозда турнирнинг энг яхши дарвозабони. Аммо майдонда барчаси барбод бўлиши мумкин.
Германия билан чемпионликни ҳимоя қилишга киришмоқчи терма жамоа рўйхатига жароҳатланган футболчининг киритилиши бу энди алоҳида масала. Чунки Нойер кенгайтирилиган рўйхатда Марк-Андре Тер Штеген, Кевин Трапп ва Бернд Лено каби ҳамкасблари билан бирга жой олган. Лёв эса Нойерга мусобақа олдидан ўзини исботлаши учун барча имкониятни тақдим қилмоқда.
2017/2018 йилги мавсумда Нойер 360 дақиқа ўйнади, лекин мавсумнинг катта қисмини жароҳатини даволатиш билан ўтказди. Соғайиб сафга қайтганида ҳам “Бавария” бош мураббийи Юпп Хайнкес уни асрашга ҳаракат қилди. “Бавария” ва Германия собиқ посбони Оливер Канн Хайнкеснинг ушбу қарори Нойер Мундиалга тайёр эмаслигининг бир белгиси деган фикрда.
“У ҳамон ўйнамаяптими, демак тўлиқ тайёр эмас. Акс ҳолда унга Юпп Хайнкес ўйнаш имконияти берган бўлар эди. Бу масъул шахсларнинг оғир қарори. Мануэль барчасига ўзи жавоб бериши керак”, дейди Кан.”
Бошқалар эса Лёвга Нойерни сўнгги дақиқаларгача кузатиб бориб кейин якуний қарорни қабул қилишни маслаҳат бермоқда.
23 кишилик якуний рўйхат ФИФА томонидан 4 июнь кунигача қабул қилинади. Унгача немислар Австрия ва Саудия Арабистонига қарши ўйртоқлик ўйинларини ўтказади.
Нойер эса кенгайтирилган таркиб билан машғулотларда иштирок этади ва терма жамоа шифокорлари унинг ривожланиш жараёнини зимдан кузатиб боради. Германия билан учта Мундиалга борган яна бир собиқ посбон Йенс Леманн эса Лёвнинг бу қарори тўғри эканлигини эътироф этмоқда.
“Уни имкон қадар кутиш керак. Нойер икки ўртоқлик ўйинида иштирок этса, бу Россияга бориш учун етарли бўлади. Йўқса, у жаҳон чемпионатида ўйнай олмаслиги мумкин. Агарда у Жаҳон Чемпионатини кейин бошлайдиган бўлса, биз 50 фоиз имкониятга эга бўламиз. Лекин бу етарли эмас”, дейди Леманн.
Агарда Нойер ушбу беллашувларда ўзини кўрсата олса ҳам, ундаги рақобатбардошлик даражаси муаммо олиб келиши мумкин ва Германиянинг ўйинига салбий таъсир қилиши мумкин. Демак, кутамиз Нойернинг ЖЧга бориш жараёни қандай кечар экан.
Маълумот ўрнида, ЖЧ-2018 финал босқичи 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Сочи, Нижний Новгород, Самара, Калининград, Екатеринбург, Саранск, Волгоград ва Ростов на-Дону шаҳарларидаги стадионларда бўлиб ўтади.