
Араб давлатининг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат делегацияси кеча Ўзбекистонга келди
Қатарнинг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияси 16 июль куни мамлакатга келди ва Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг 2018 йил 2-4 июль кунлари Доҳа шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилган.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Қатар кун тартибидаги муҳим масалалар кўриб чиқилган.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияни тузиш ва ишга тушириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи раундини ўтказишга розиликларини тасдиқладилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон раҳбарияти Қатар фуқаролари учун ҳам учинчи давлатга транзит орқали кетаётганда Ўзбекистон ҳудудида 5 кун визасиз бўлиш имконияти яратилгани Қатарда мамнуният билан қабул қилинди.
Қатар делегациясига 2018 йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро мақом санъати форумига таклифнома тақдим этилган.
Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.