2017 йилда МАР, Ироқ ва Жанубий Судан аҳолиси бошқаларга қараганда кўпроқ салбий ҳисларни бошдан кечирган.
Салбий ҳислар индекси Марказий Африка Республикасида нафақат 2017 йилда балки ўтган ўн йилда энг юқори кўрсаткичга эга бўлганини кўрсатган. Аввалги тўрт йил давомида Ироқ мазкур рейтингда биринчиликни эгаллаб келган. 2008 йилдан бери ушбу мамлакат аҳолиси салбий ҳисларни бошдан кечирувчи давлатлар бешлигига кириб келади.
Салбий ҳислар индекси энг паст давлатлар қаторига Тайвань, Қирғизистон, Қозоғистон, Эстония, Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Мўғулистон, Швеция ва Янги Зеландия кирган. Тадқиқотларда таъкидланишича, бу ҳолат юқоридаги давлатларда аҳоли кўпроқ ижобий ҳисларни бошдан кечиради дегани эмас.
Аҳолиси энг кўп ижобий ҳисларни бошдан кечирувчи мамлакатлар рейтингида дастлабки ўринларни Парагвай, Колумбия, Сальвадор, Гватемала, Канада, Коста-Рика ва Эквадор эгаллаган. Мутахассислар бу ҳолат Жанубий ва Марказий Американинг ижобий ҳисларга йўналган маданияти натижаси деб ҳисоблаяптилар.
Gallup 2017 йилда дунё аҳолиси қолган ўн йилга қараганда кўпроқ салбий ҳисларни бошидан кечирганини таъкидлаган. Институт бундай тадқиқотни 2006 йилдан бери ўтказиб келади.