Дори воситаларининг тендер савдоларисиз харид қилиниши айни шу масалага ечим бўлиши кутилмоқда.
Ушбу ҳужжат доирасида бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди. Айниқса, нарх белгилаш билан боғлиқ янги тартиб-қоидага кўра, дори воситаларининг нархи сезилари пасайди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқимизни сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот хизмати таҳририятимизга йўлланган мактуб орқали маълум қилган.
Аммо олиб борилаётган мониторинг ишлари, келиб тушаётган мурожаатлар дори-дармон таъминоти ва нархи масаласида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳали кшплаб учрашини кўрсатди.
Шу нуқтаи назардан жорий йилнинг 17 июлида “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.
Мазкур ҳужжат аввалгисининг мантиқий давоми сифатида жорий этилмоқдаки, бунда ўз ечимини кутаётган кўплаб масалалар қамраб олинган. Хусусан, ҳужжатда аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий тақчиллик ва нархларнинг ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Шундай тадбирлардан бири 2017 йил 1 августидан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш истисно тариқасида “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси тасдиқлайдиган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан амалга оширилиши бўлди.
Бунинг амалий аҳамияти шундаки, илгари хориждан харид қилинаётган дори воситалари то юртимизга киритилиб, дорихоналарга тарқатилгунига қадар бир неча босқичлардан ўтарди. Натижада ортиқча расмиятчиликлар сабаб зарур дори белгиланган муддатидан кечикиб етиб келарди.
Дори воситаларининг тендер савдоларисиз харид қилиниши айни шу масалага ечим бўлиши кутилмоқда.
Куни кеча “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси белгиланган вазифалар ижроси доирасида Россия Федерациясининг “Фармстандарт” акциядорлик жамияти билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Меморандумнинг мақсади дори-дармон таъминоти бўйича томонлар учун ўзаро манфаатли бўлган узоқ ва ишончли ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Ҳужжатга кўра, ушбу меморандумнинг амал қилиш муддати уч йил этиб белгиланди.
Маълумот учун, Россия Федерациясининг “Фармстандарт” акциядорлик жамияти дори-дармон тайёрлаш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик фармацевтик компания ҳисобланади. У йилига 17 миллиарддан ортиқ ўрамдаги кўплаб турдаги дори-дармон ишлаб чиқариш қувватига эга.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги олиб бораётган ва юқорида келтириб ўтилган ислоҳотлар натижасини оддий халқ, яъни истеъмолчилар интизорлик билан кутиши рост. Негаки, асосан импорт маҳсулоти бўлган фармацевтик воситаларнинг нархи жуда юқори, аниқроғи ҳамёнбоп эмаслиги барчамизга аён.
Мисол учун, турнақатор аптекалардаги маълум бир дори воситасининг нархи энг камида 5–10 фоиз, ҳатто 25–40 фоизгача ҳам фарқ қилишини кўришимиз мумкин.
Тўғри, ҳар битта хусусий тадбиркор ўзининг молиявий режасидан келиб чиқиб нарх белгилаши йўлга қўйилган. Бироқ айнан сунъий тақчиллик орқали нархларнинг оширилиши, юқорида таъкидланганидек, давлат томонидан назорат қилишини лозим.
Таҳририятимиз мутасадди ходимлардан мазкур масаладаги яна бир муаммо хусусида аниқ маълумотлар берилишини кутиб қолади.
Бу — кимёвий таркиби ва таъсир этиш эффекти ҳамда дозаси бир хил, аммо нархи ва номида (аталишида) осмон билан ерча фарқ қиладиган, оддий халқ тилида “маркетингбоп дорилар” дея аталадиган фармацевтик воситалар билан боғлиқ муаммо...
Таҳририятимиз ўқувчилардан ушбу мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини юборишини сўрайди.