...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дилором Омонуллаева Шаҳзода Муҳаммедова устидан Маданият вазирига мурожаат қилмоқчи


13:01, 08.07.2017 Шоу-бизнес
 26 902

Дилором Омонуллаева саволларимизга оғир-босиқлик билан жавоб қайтараркан, бундай ҳақоратларга лойиқ эмаслигини, аслида Шаҳзода Муҳаммедова билан тортишиб ўтириш ҳам унга ярашмаслигини бот-бот такрорлади.

Аввалроқ, актриса Шаҳзода Муҳаммедова Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, таниқли бастакор, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Дилором Омонуллаевани ҳақоратлаб, унинг руҳий касал, разил инсон экани, талабалар, консерваторияга кириш истагида бўлган абитуриентларга қўпол муносабатда бўлиши ҳақида ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида пост қолдирган эди.
 
Мазкур масала сайтимиз орқали ёритилганидан сўнг актриса Шаҳзода Муҳаммедова мақолани олиб ташлашимизни, йўқса бошқа йўл тутишини айтиб, бизни огоҳлантирди. Унинг фикрича, мақолага холисона ёндашилмаган. Тўғри, мақолага холисона ёндашилгани йўқ. Чунки унда фақатгина Шаҳзода Муҳаммедованинг Дилором Омонуллаева ҳақидаги фикрлари, ҳақоратлари чоп этилди. Биз холисликка таянган ҳолда Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, бастакор Дилором Омонуллаева билан боғландик.
 
Консерватория маъмурияти билан ўтказган суриштирувларимизга қараганда, актриса Шаҳзода Муҳаммедова ва хонанда Воҳиджон Исоқов Ўзбекистон давлат консерваториясига бориб, профессор Дилором Омонуллаева билан учрашишган. Орадан кўп вақт ўтмай, хонадан шовқин овози эшитилган. Дилором Омонуллаева хонани тарк этгач, Шаҳзода Муҳаммедова унинг ортидан бино йўлагигача бақириб, ҳақоратлаб чиққан. Дилором Омонуллаева бўлиб ўтган воқеани шундай изоҳлайди.
 
Дилором Омонуллаева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори:
 
– Ёнимга бир йигит ва қиз келди. Консерваторияда иккинчи мутахассислик бўйича таълим олмоқчимиз дейишди. Қиз ўзини актриса, йигит эса “Ўзбекнаво”дан деб таништирди. Очиғи, мен уларни умуман танимасдим. Сўнг қизнинг овозини эшитдим, “Ёмғир ёғди” номли қўшиғимни айтиб берди. Овози жуда кичкина экан. Бошланғич мусиқий билимни қаерда олгансиз, деб сўрадим. У эса бошқа соҳада ўқиганини айтди. Мен Ўзбекистон давлат консерваториясида бошланғич мусиқий таълим йўқ, профессионал таълимда қийналасиз, дедим. Бу ерга мусиқа мактаблари ва лицейларни битирган ўқувчилар кириши керак, деб айтдим ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига бориб ўқишни тавсия қилдим. Чунки у ернинг таълим бериш тартиби консерваторияникидан фарқ қилади: мусиқа, нота нима экани биринчи дарсларданоқ ўргатилади. Бизда эса йўқ. Бу мен ўрнатган тартиб эмас. Бутун дунё консерваторияларидаги қоидага кўра, консерваторияга бошланғич мусиқий таълимни олмаганлар ўқишга қабул қилинмайди.
 
Гапимга кўнмади, мен шу ерда ўқишим керак, деб оёқ тираб олгач, майли, бизда тайёрлов курслари бор, жуда бўлмаса, шуларга қатнанг, шундан кейин ўйлаб кўрамиз, деб айтдим. У эса мусиқий билими йўқлар ҳам ўқиб юрибди-ку, дея жавоб қайтарди. Нимага шаъма қилаётганини тушундим. Тўғри, Сардор Раҳимхон бизда ўқиди, лекин унинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони бор эди. Шунинг учун унга ўқиш имконияти берилганди. Каниза ҳам консерваторияни битирди. Чунки у ҳам “Ниҳол” мукофотини олганди. Бу мукофот низомига кўра, совриндор олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилинади. Ахир, бу қонун-қоидаларни мен ўйлаб топмаганман-ку.
 
“Сизга бошланғич мусиқий таълими бўлмай туриб консерваторияда ўқиётганлар борлигини исботлаб бераман”, деди. Кечирасиз, мен бутун консерваторияга жавоб бермайман. 20 йилдан буён ўзим ишлаётган кафедрага жавоб бераман, холос.
 
Унга бақирмадим ҳам, туртганим ҳам йўқ, бунга талабалар гувоҳ. Аксинча, бақир-чақирга тоқат қилмай хонамни тарк этдим. У эса ортимдан бақириб, йўлакка чиқди. Шунда талабалардан бирининг онаси Шаҳзоданинг ёнига бориб, Консерваторияда ўқимоқчи бўлсангиз, аввал муомалангизни чиройли қилинг, деб айтди. Шаҳзода эса мени оғзига келган гаплар билан ҳақорат қилди: “Сиз кимсиз, нега ёшларнинг оёғига болта урасиз? Менинг қўлимни Ислом Абдуғаниевич ушлаганлар, менга сўз берганлар, сиз эса мени ўқишга қабул қилмаяпсиз”, деб таъна қила кетди. Ахир бу ерга келган абитуриентларнинг ўқишга киришини мен ҳал қилмайман-ку. Бизда маъмурият, имтиҳон, қабул комиссияси бор.
 
Паст кетиб, бу қиз билан олишадиган даражадаги аёл эмасман. Мен ҳақимда талабаларимдан сўранг. У мени манқурт, руҳан касал, разил деб ёзибди. Ярим соат вақтимни олди, овозини эшитдим, маслаҳатимни бердим. Бундан ортиқ нима қилишим керак? Бу қизнинг нима ҳаққи бор мени ҳақорат қилиб ёзишга? У билан ўзига ўхшаб олишишни эп кўрмайман, ҳолбуки, менинг ҳам ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифам бор. Бу масалани бошқа йўл билан ҳал этаман. Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ёнига кетяпман.
 
Дилором Омонуллаева саволларимизга оғир-босиқлик билан жавоб қайтараркан, бундай ҳақоратларга лойиқ эмаслигини, аслида Шаҳзода Муҳаммедова билан тортишиб ўтириш ҳам унга ярашмаслигини бот-бот такрорлади. У вазиятга Ўзбекистон зиёлилари, тегишли давлат ташкилотлари ва консерватория ўқитувчилари нима учун ўз муносабатини баён этмаётганига қуйидагича фикр билдирди.
 
Дилором Омонуллаева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, бастакор:
 
– Жамоатчиликнинг фикри, албатта, қизиқ. Лекин зиёлиларнинг кўпчилиги, айниқса, менинг тенгқурларим ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайди ва Шаҳзода Муҳаммедованинг даражасига тушишни ҳам исташмайди. Кечадан буён телефон тингани йўқ, ҳали у сайт, ҳали бу газета интервью сўраяпти. Аммо мен бу мавзуда уларга интервью беришни ҳам ўзимга эп кўрмадим. Муносабат билдирмоқчи бўлганлар эса қўнғироқ қилиб, ёнимга келиб фикрларини айтишяпти. Ўзбек зиёлилари дунёнинг бошқа мамлакатлари жамоатчилиги каби бундай ҳолатларга жавоб бериши учун бироз вақт керак. 

Теглар:Шаҳзода Муҳаммедова Дилором Омонуллаева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

sadoqat
14:50 24.07.2017

maqolani o'qir ekanman g'azibim qaynab ketaverdi. shaxzoda muhamedovani oldindan ham negadir yoqtirmas edim,bilmadim nega. mana bu voqealar esa u haqidagi qarashlarim to'g'riligini isbotlabdi. chora ko'rish kerak uning bu betarbiyaligiga.


Замира
12:45 22.07.2017

Дилором Омонуллаева қабул қоидаларини айтганлар холос. Шахзодаой уни тушуниб етмаганлар. Лекин САНЪАТГА шунча меҳнати синган аёлни бунчалик беобрў қилиш, интернетда тарқатиш, телевидения бериш уятку. Бу жараёнда битта мақсад бор: Шахзодага ПИАР керак бўлган !


Жамшиджон
15:54 14.07.2017

Инсон ким булишидан каттий назар узлигини унитмаслиги керак. Оёги ердан узулган эсини критиб куйиш керак. Албатта конуний!!!!.


Умид
10:43 11.07.2017

Узтоз отангдан улуг деб бежиз айтилмаган! Бундай хакоратлар учун Шахзода Мухамедовага Конуний чора куриш керак


Доно
10:20 11.07.2017

Хурматли зиёли укимишли ва акллилар куп худога шукур лекин афсуски улар ичида аксинчалари хам топилади. Билмадим мисол учун менга Шахзода Мухамедованинг БАНАН деган кинода эрка келинни уйнагани ёкмиди балки бу Шахзода Мухамедованинг айби эмас режиссёрларни бемани ролни бериб куйишгандадур эрка келинни курсатганидур..... умуман бизнинг миллий менталитетимизга тугри келмайдиган бемани тентакча фильм...... Дилорам Омонуллаевага келсак мен у аёлни энди танидим. РАХМАТ QALAMPIR шунака шов -шувлар учун..... (хазил)



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!