Муаммоларнинг ечими бўйича таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилувчи сайтни ишга тушириш фойдадан холи эмас.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров иккита таклиф билан чиқди. Депутатнинг биринчи таклифи мактабгача таълим муассасаларини янада ислоҳ қилиш ҳақида бўлди. Яъни, мамлакатимизда мактабгача ёшдаги болаларнинг ўртача 26 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу кўрсаткич баъзи ҳудудларда 3-4 фоизни ташкил этади. Шунинг учун “Таълим тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш вақти келган.
Депутатнинг иккинчи таклифи сиёсий партияларнинг қошида ўқув марказларини очиш тўғрисида бўлди. Ушбу марказлар партияларнинг кадрлар масаласи ҳамда уларнинг фаолияти янада самарали бўлишида ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов муаммолар ечимига оид таклиф билан чиқди.
Унинг айтишича, мамлакатимизда фуқаролар томонидан йўлланаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ечими билан шуғулланувчи тизим ишлаб чиқилган. Президент виртуал қабулхонаси халқ томнидан йўлланган ҳар бир мурожаатни ўрганиб чиқмоқда. Шу билан бирга, муаммоларнинг ечими бўйича таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилувчи сайтни ишга тушириш фойдадан холи эмас. Бундай тажриба ривожланган мамлакатларда йўлга қўйилган бўлиб, фуқаролар томонидан йўлланаётган мулоҳазалар мунтазам ўрганиб борилади.