Мутасаддиларнинг, миллий маънавият деб бонг урадиганларнинг кўзи қаерда? Қизиқ, ёшлар маънавиятини Райҳон ва Лоланинг 3 дақиқалик клипи бузяптими ё хориждан келаётган сериалларми?
Барча соҳаларда янгича ёндашув билан майдонга чиққан Ўзбекистон ташқи муносабатларда ҳам бир қадар ноодатий мезонларга таянмоқда. Янгича маъно ва мазмун касб этаётган мустаҳкам алоқалар самараси ўлароқ, бугун телеканалларимизда турк сериаллари яна ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб бормоқда.
Сериаллар ҳақида гап кетганда, томошабинлар орасида турк сериаллари мухлислари кўплаб топилишига шубҳа йўқ. Боиси, бугун кўча-кўйда, ўқишда, ишда, ҳаттоки, мактабда, борингки, ўзаро гап-гаштакларда ҳам бунинг гувоҳи бўлиш мумкин.
Тан олиш керак, турк кино ижодкорларининг бу борадаги фаолияти, эришган ютуқ ва муваффақиялари ҳавас қилса арзирли. Улар томонидан тайёрланиб, тақдим этилаётган кинофильм ва сериаллар ичида таҳсинга лойиқлари жуда кўп. Айниқса, турк халқининг буюк ўтмишини, бой маданиятини, анъана ва қадриятларини тарғиб этадиганлари талайгина.
Аммо, биз эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳат бошқа. Аслида уларда илгари сурилаётган ҳар қандай ғоя ҳам тўғрими? Аниқроғи, биз зўр иштиёқ билан томоша қилаётган айрим сериаллар ўзбек халқининг миллий маънавиятига, менталитетига мос келадими? Қизиқишларимиз деб қадриятларимизга путур етмаяптимикан? Хаёлимда тинмай чарх ураётган оғриқли саволлар мени ушбу мақолани ёзишга ундади.
Бугун Навоий ва Бобур ҳақида сўрасангиз ийманибгина ерга қарайдиган мактаб боласи ҳам Камол ва Ниҳон, Амир ва Зайнаб деган исмларни завқ билан тилга олади. Мабодо, вақтингиз бўлмай, ўтказиб юборган қисмларингиз бўлса, шу қадар маҳорат билан аниқ ва лўнда баён қилиб беришадики, уларнинг хотирасига муҳрланган сўзларни худди қаҳрамоннинг ўзидан эшитаётгандай бўласиз. Ҳа, ҳа, ишонаверинг, бу айни ҳақиқат! Бунинг устига, уларга ўхшашга, улардай бўлишга интиладиганларини айтмайсизми? Агар у қадар яхши эслай олмаётган бўлсангиз, йўқ, тўғрироғи, адаштираётган бўлсангиз, бу “ZO’R TV” телеканали орқали намойиш этилаётган ўша машҳур турк сериали “Севги изтироби” (“Кара севда”)даги қаҳрамонларнинг номлари. Бу “қаҳрамонлар” кўплаб кино мухлисларининг, айниқса, турк сериаллари ишқибозларининг кўнглига шу қадар яқин бўлиб кетдики, ҳатто, орамизда севимли қаҳрамонларининг тақдири учун қайғуриб, кўз ёш тўкаётганлар ҳам топилади. Бу гапларни айтиб кимнингдир жиғига тегмоқчи, ёки сериал кўрманг демоқчи эмасман. Фақатгина кўраётган нарсангизни бирозгина фикр чиғириғидан ўтказиб томоша қилинг-да. Ёки кийган кийими, яшаётган уйи, ҳайдаётган машинаси чиройли бўлса бўлдими? Бирон марта ўйлаб кўрдингизми, бу жимжимадор ҳашамат ортидаги қаҳрамонлардан нимани ўрганяпмиз? Ўзимиз билмаган ҳолда, уларнинг қандай қарорини қўллаб-қувватлаяпмиз, энг ёмони, қайси ҳислатларидан ўрнак оляпмиз? А, лаббай, мен уларнинг хатти-ҳаракатини ёқламайман дейсизми?
Хўш, унда бировнинг никоҳида бўла туриб, бошқаси билан “кўнгилхушлик” қилаётган ва буни “севги изтироби” деб атаётган, ўз муҳаббати учун синглисини қурбон қилган ёки келин бўлиб тушган хонадонининг куёви билан “ишқ ўйини” ўйнаётган “қаҳрамон”ларнинг қайси жиҳати бизни ўзиги кўпроқ маҳлиё этиб қўйяпти? Нега уларга нафрат билан эмас, аксинча, ҳавас билан, гоҳида эса уларнинг аянчли тақдирига ўкинч билан термуламиз? Қачондан бери ўз жуфти-ҳалолидан кечиб, ўзганинг оиласини бузаётганлар биз учун “халоскор”га айланиб улгурди?!
Ахир муқаддас динимизда оилани бузиш энг катта гуноҳ саналади-ку! Ҳар қандай сабаб бўлмасин, хиёнат ҳеч қачон оқланмаганини наҳотки билмасак? Эсингизда бўлса бир пайтлар ўша турк кино ижодкорлари томонидан суратга олинган “Чолиқуши” сериали эфирга узатилган эди. Буюк турк адиби Рашод Нури Гунтекин асар қаҳрамони тимсолида аёллик нафосатини, матонатини, сабру-бардошини, садоқатини шу қадар маҳорат билан очиб берганки, бундай жасорат олдида ҳар қанча бош эгса, ибрат олса, борингки, “қаҳрамон” қилса арзийди. Ана энди бир тасаввур қилинг, бугун биз “дардига шерик бўлаётган” сериал қаҳрамонларининг бизга ўрнак бўлаётган жиҳатларини.
Назаримда, масаланинг бу томонини ҳамма ҳам ўйлаб кўрмаса керак. Сабаби, томошабин синчков, зукко бўлганида эди, ялтироқ қоғозга ўралиб тақдим этилаётган “оғу”нинг домига бу қадар тез тушиб қолмаган бўлар эди.
Бундан 10 йил аввал эфирга узатилган “Ишқ эртаги” турк сериалини томошабинлар яхши эслайди. Ушбу сериалда ака-ука, ота ва ўғил муносабатлари бизнинг халқимизга яқин ҳолда кўрсатиб берилган эди. Арханлар оиласининг ўз хизматкори билан қуда бўлиши, оила бошлиғининг ёшликда қилган хатолари кексайганида бўйнига омоч бўлишию оилани ўйинчоқ билишнинг аянчли оқибатлари кўрсатилганди ушбу серилда. Бу сериал суратга олинганига 14 йил, унинг Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилганига эса 12 йил тўлибди. Ўшанда ҳам халқимиз ориятни, қадриятларни биринчи ўринга қўярди ва бу тушунчалар ҳамон ўзгаргани йўқ, ўзгармайди.
Ё бўлмаса “Келин”ни олайлик. Бундан 7 йил аввал эфирга берилган, шу кунларда қайта намойиш этилган сериал кўп жиҳатдан аёларимизга, қизларимизга ўрнак қилиб кўрсатса арзигулик эди. Ундаги инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, оила муқаддаслиги ҳар қандай халқда улуғланиши, шак-шубҳасиз.
Сериаллар ҳақида гап кетганда маълум муддат давомида ТВ экранларни ёппасига эгаллаган корейс сериалларини эслаб ўтмасликнинг иложиси йўқ. “Сарой жавоҳири”, “Сўнгги қиролича” сериаллари ҳам бизга мослиги, ҳам ғоявий жиҳатдан дурустлиги билан ажралиб турарди. Бироқ “Жумонг”дан нима олдик, бошқалариданчи?
Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бугунги даврда мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан хавфлироқ эканини алоҳида таъкидлагани ёдимга тушади. Бугун ТВ экранларида намойиш этилаётган айрим сериаллар, хусусан “Севги изтироби”ни кўриб шу фикр хаёлдан ўтди. Биз оддий сериал-ку деб қараётган ТВдаги одобсизлик замонлар ўтиб асоратини кўрсатишини тахмин қилмайман, аниқ айта оламан.
Бу ҳақида гап очилса, ТВ ижодкорлари, сериални намойиш этишга бош-қош бўлганлар тарбияни ТВдан, сериалдан ахтарманг, дейиши мумкин ва улар бу борада 100 фоиз ҳақлилар. Бугун ТВ тарбия бера оладиган кучга эга эмас, боиси унда чиқаётганларнинг кўпларига тарбия керак. Бироқ масаланинг иккинчи тарафи бор. Биз қачонгача тарбияни ТВдан олма, тарбияни концертдан қидирма, деб яшаймиз. Айтайлик, шу сериални фарзандлари билан кўриб ўтирган ота-онанинг ақл-хуши жойида эмас. Катталарнинг фаросатсизлиги бадалини нима учун фарзанд тўлаши керак? Ишонтириб айта оламанки, ҳар 10 оиладан 7 тасида ушбу сериал фарзандлар даврасида кўриляпти.
Хусусий телеканаллар кўпроқ томошабин тўплаш, даромад топиш мақсадида “Севги изтироби” каби сериалларни намойиш этишни канда қилмаётгандир. Бироқ мутасаддиларнинг, миллий маънавият деб бонг урадиганларнинг кўзи қаерда? Қизиқ, ёшлар маънавиятини Райҳон ва Лоланинг 3 дақиқалик клипи бузяптими ё хориждан келаётган сериалларми? Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият-тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармасидагилар нима билан овора, уларга нега жим қараб турибди? Президент жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида гапирганда айнан шундай маънавий таҳдидларга қарши туришни назарда тутмаганмиди?
Турклар сериал борасида биздан анча олдинда. Ҳали-бери уларга етиб оломасак керак. Лекин етиб ололмас эканмиз, деб улар нимани берса ўшани халқимизга узатаверишимиз адолатданми? Ҳар ҳолда арзоннинг шўрваси татимаслигини, текин пишлоқ эса қопқонда бўлишини хаёлдан қочирмасак, яхши бўларди. Қопқонга тушганимиздан кейин ундан чиқишимиз учун йиллар, ишонаверинг йиллар харж этамиз.
Демади деманг, балоғат остонасида турган йигит-қизингиз бу каби “ишқ ўйин”ларини севги, муҳаббат деб атаса гапларимни эслайсиз.