10 йилдирки Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова давлат радио ва телеканалларидан четлатилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидан сўнг Юлдуз Усмонованинг катта тадбирларда қатнаша бошлагани ҳақидаги хушхабар бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалди. Бу хонанданинг яна ТВ ва радиоларга қайтишига умид боғлаганлар учун ажойиб янгилик бўлди. Ахир, 10 йил давомида Юлдуз ижоддан тўхтамади. Ҳали АҚШ, ҳали Туркия, ҳали Россияда ўзбекнинг номини улуғлади, қўшиғи билан дунё кезди. Дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, Юлдузга жўр бўлиб “Адоинг бўлгаймиз, сени, Ўзбекистон”ни куйламаган ўзбек борми?
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 5 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани муносабати билан ташкиллаштирилган конференцияда иштирок этди. Бугун, 7 декабрь куни эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги тантаналарида “Ҳамроз” номли қўшиғини куйлаб чиқди.
Юлдуз Усмонованинг ашаддий мухлислари учун яна бир хушхабар. Хонанданинг қўшиқлари давлат телеканалларида ҳам жаранг сочишни бошлади. Бугун “Наво” телеканали орқали Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг бундан 20 йил аввал куйлаган қўшиқлари намойиш этилди. Тез орада хонанданинг янги ижод намуналари ҳам телеканаллар эфирларидан ўрин олса, ажаб эмас.