...
МЕНЮ
ONLINE TV

ДАИШ сафидаги руслар ва хитойликлар


17:17, 12.12.2015 Олам
 4 467

Туркия ДАИШга қўшилмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги хитойликлар, россияликлар ва фаластинликлар эканлигини маълум қилди.

Туркия ҳукумати маълумотларига қараганда, 2015 йил январдан бошлаб, Туркия чегарачилари жами 913 кишини Туркиядан Сурия ҳудудига ўтаётган пайтда қўлга олишди. Уларнинг кўпчилиги Россия, Хитой, Фаластин фуқаролари бўлиб чиқди. Уларнинг мақсади эса ДАИШ террорчилик ташкилоти таркибига бориб қўшилишдан иборат бўлган. Бу ҳақда Туркия ОАВларининг маълумотларига ҳавола қилаётган www.newsru.co.il интернет саҳифаси хабар бермоқда.

ДАИШ кўнгилли фаолларининг энг йирик гуруҳи хитойликлардан бўлиб чиқди – 324 киши. Иккинчи ўринда Россия фуқаролари – 99 киши. Учинчи ўринда Фаластин фуқаролари – 83 киши.

Жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Туркия ўз чегаралари хавфсизлигини ошириш бўйича чоралар кўрган эди. Ҳукумат Сурияга йўл олган ва ундан ноқонуний чиқиб кетаётган кўп сонли хорижликларни қўлга олишни бошлаган.

Қўлга олинган шахсларнинг қуроли ёки ДАИШни билдирувчи рамзлари бўлмаган, аммо улар ДАИШ ҳарбийларига хос кийимларда бўлишган, дейди Туркия манбалари.

Туркия ҳукумати Сурия билан чегарасини ёпишга шошилмаётганлиги учун ғарб давлатлари томонидан кучли танқидга учрамоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ДАИШ сафидаги хитойликларнинг кўпчилиги Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидан чиққан уйғур мусулмонлари ҳисобланади. Ўз юртларида улар Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг мустақиллиги учун кураш олиб боришади. Хитойнинг ушбу минтақаси радикал-сепаратистик кайфиятдаги террорчи гуруҳлар фаолият олиб борадиган ҳудуд эканлиги билан машҳур.

Россиянинг бошқа ҳудудларига нисбатан Кавказ республиклари фуқароларининг террорчилар сафига бориб қўшилиши кўпроқ кузатилмоқда.

Сўнгги пайтларда ХАМАС ташкилоти обрўйининг пасайиши билан бирга, Ғазо секторида, афсуски, ДАИШ мафкураси таъсирининг кучайиши жараёни кузатилмоқда.

Шу пайтгача ДАИШ таркибида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ўнтача фаластинлик вафот этгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Адиз Аҳмедов

Теглар:ДАИШ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!