Йўқолганларнинг барчаси цемент заводи ишчилари бўлган.
Сурия пойтахти Дамашқ яқинидаги шаҳарчада 300 киши ғойиб бўлди. Тахминларга кўра, уларни ДАИШ террористик ташкилотининг жангарилари ўғирлаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Сурия давлат ахборот агентлигининг ёзишича, дом-дараксиз йўқолганлар Думайр шаҳарчасида жойлашган ал-Бадия Цемент Компаниясининг ишчилари бўлган.
“Душанба куни ДАИШ жангарилари корхонага ҳужум қилганидан буён оила аъзоларимизни кўрганимиз йўқ ва уларнинг қаерда эканини билмаймиз”, – дейди йўқолганларнинг қариндошларидан бири.
Цемент заводи маъмуриятининг маълумотларига кўра, жами 250 киши йўқолган ва компания душанба кунидан буён улар ҳақида ҳеч қандай хабарга эга эмас.
Думайр шаҳарчасида ҳукумат қуролли кучлари ва ДАИШ жангарилари ўртасида қаҳшатқич тўқнашувлар бўлиб ўтди. Террористлар шаҳар авиабазаси ва электростанцияси устидан ўз назоратларини ўрнатмоқчи бўлдилар, лекин муваффақиятсизликка учрадилар.