Бухоро вилоятидаги, шу турда Ўрта Осиёда ягона обида саналмиш Чор Минор мадрасаси ночор аҳволда қолмоқда.
Советлар мустамлакаси даврида, 1807 йилда қуриб битказилган илм-маърифат маскани озиқ-овқат омборига айлантирилиб, кишилар ундан оқилона фойдаланмади. Устига устак, меъморчилик намунаси хароб ҳолатда қолиб кетгани боис, мустақиллик даврида унга алоҳида эътибор бериш керак эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган 2000 йил 30 августда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш” ҳамда 2008 йил 12 сентябрда қпбул қилинган “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маданий мерос объектларининг ҳуқуқий кафолатидир. Юқоридаги қонунлар ижроси сифатида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан меъморий обиданинг таъмирталаб қисмлари қайта тикланди, ён-атрофлари кўкаламзорлаштирилди.
Ўрта Осиёда ягона турдаги иншоот бугун бироз эътиборга муҳтождек. ЮНEСКО ташкилотининг “Бутун Жаҳон маданий ёдгорликлари” рўйхатига 602 хос рақам билан киритилган обида, эндиликда кучли ёғган ёмғир, маҳаллий мутасаддиларнинг бепарволиги туфайли таъмирталаб ҳолатда қолди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу сурат остида интернет фойдаланувчилари Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноевга илтимос билан мурожаат этмоқда. Шулардан бири:
“Ўктам Исаевич, Халифа Ниёзқули мадрасасини асраб қолишда ёрдам беринг!”
Биз ҳам айни шу масалада тегишли идора вакиллари, бухороликлар ва барча юртдошларимизни қадимий обида, меросларни асраб авайлашга чақириб қоламиз. Бунёдкор халқимиз, эркин, демократик давлат барпо этар экан, бизгача етиб келган маданий меросни яна келгуси авлодга бус-бутунлигича топшириш катта бурчимиз эканини ёддан чиқармаслигимиз лозим. Бу биноларда аждодларимизнинг фазилат ва билимлари, мамлакатимиз шон ва тарихи мужассамлашган.