Вагоннинг пастки қисмида ғилдирак жуфтлигининг ўртасига усталик билан яширилган сариқ рангли полиэтилен пакет борлиги аниқланди.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой техник идора” темирйўл чегара божхона пости ходимлари Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорлиқда, вагон ва контейнерларни божхона кўздан кечирувидан ўтказиш жараёнида Хитой Халқ Республикасидан юк қабул килувчи “Ahmad Isroil Tex” МЧЖ номига келган маҳсулотлар юкланган контейнер ортилган вагоннинг пастки қисмида ғилдирак жуфтлигининг ўртасига усталик билан яширилган сариқ рангли полиэтилен пакет борлиги аниқланди.
Мазкур полиэтилен пакет гувоҳлар иштирокида олиниб, очиб кўрилганда, унинг ичида қурол ва уч дона ўқ ҳамда олди қисмига бураб қотириладиган темирдан ясалган қўшимча мослама борлиги аниқланди.
Агарда ушбу қуролни яшириб олиб ўтиш билан боғлиқ ҳолат божхона ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилмаганда манфур мақсадларни кўзлаган жиноятчилар томонидан турли ёвузликлар содир этилиши мумкин эди.
Эслатиб ўтамиз, божхона ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, 56 дона ўқ-отар қуроллари, 643 дона ўқ, 16 685 дона капсула ҳамда 3486 дона гильзаларнинг ғайриқонуний айланмасига чек қўйилган.
Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.