...
МЕНЮ
ONLINE TV

Captiva’ли бобо Президентнинг ташрифи, кутилмаган совға ва у билан нималарни гаплашганини айтиб берди


15:11, 24.02.2017 Жамият
 5 491

Шоди бобо Президентнинг совғаси ташрифи ва ҳам, совғаси ҳам кутилмаганлигини, бундан боши кўкка етганини айтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 февраль кунлари Сурхондарёга ташрифи давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хўшбоқов хонадонида меҳмон бўлган эди. Орадан кўп ўтмай Президент Шоди бобога Chavrolet Captiva автомобилини совға қилди.  
 
“Давлатимиз раҳбарининг уйимизга келгани, дилдан мулоқот қилгани, ҳол-аҳвол сўраганига ҳали ҳам ишонгим келмайди. Тавба дейман, шунча ишдан ортиб оддий фуқаролар хонадонига бориш, у билан гурунг қилиш, турмуши, шароити, ўй-фикрлари билан қизиқиш учун одам қанчалар бағрикенг бўлиши керак экан-а, деб ўйлайман-да. Ўзингиз қаранг-да, умри бино бўлиб даладан бошқасини кўрмаган одам мамлакат Президенти билан ўз уйида гурунг қилиб ўтирса, бировга айтсанг ишонмайди. Лекин шундай бўлди”, дейди Шоди бобо.
 
Бобо Президент Шавкат Мирзиёев билан нималар ҳақида гаплашганини ҳам айтди:
 
“Давлатимиз раҳбари билан оиламизнинг кундалик турмуши, маҳалламиз ҳаёти, фарзанду набиралар тарбияси, ўқиши, иши, деҳқончилик сирлари, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, хуллас, ҳамма нарса ҳақида гаплашдик. У кишининг сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир, деган сўзлари менга ҳам, кампирга ҳам куч-қувват бағишлади, умримизга умр қўшилди. Момонгиз икковимиз кўп йилларга ёшариб кетдик”.

Маълумотларга қараганда, Captiva’ли бобо бу йил 84 ёшни қарши олган. Унинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Ўспиринлик даврида уруш асоратларини қалбан ҳис этди, очарчиликни кўрди. Ўрта мактабни тугатгач, институтга ҳужжат топширди. Лекин омади келмади. Қишлоқдошларининг ўқишга киролмабди, деган гап-сўзларини ор билиб, бир йўла ҳайдовчилик курсини тугатиб, уйига қайтди. Икки йил хўжаликда ҳайдовчилик қилди, кейин пахтачилик бригадасида ишлади. Ҳалол меҳнат қилиб, деҳқончилик сирларини ўрганди. Умр йўлдоши Саломат момо Раҳимова билан 8 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, вояга етказди. Ўғиллари қўли гул уста, ҳунарманд бўлди. Ўттиздан ортиқ невара, йигирмага яқин чевара қуршовида пиру бадавлат ҳаёт кечираётган отахон ва онахон бугунги осойишта ва обод ҳаётга шукрона келтиради, эл-юртга тинчлик сўраб дуо қилади.
 
Шоди бобо Хўшбоқов фарзандлари ва невараларига ҳам деҳқончилик сирларини обдан ўргатиб, уларга ерга меҳр бериш зарурлиги, ҳалол меҳнат орқасидан рўзғор тебратиш лозимлигини уқтирган. Ўтган йили отахон томорқада етиштирилган картошкадан 25 миллион сўмдан ортиқ даромад олган.
 
“Президентимиз Шавкат Мирзиёев томорқамизга қараб туриб, Сурхондарёни яхши биламан, тупроғи унумдор, мўл ҳосил олиш учун жуда қулай, дедилар. Мен у кишига шу томорқадан йилига уч марта ҳосил олишимизни айтдим. Эртаки картошка экамиз. Уни баҳорда йиғиб олиб, помидор кўчати қадаймиз, полиз етиштирамиз. Оққировгача ҳовлимизда зироат бўлади. Ўзимиз еймиз, ортиқчасини сотамиз, дедим. Яратилаётган бундай шароит, имконият учун миннатдорлик билдирдим, дуо қилдим”, дейди Шоди бобо.
 
Шоди бобо Президентнинг совғаси ташрифи ва ҳам, совғаси ҳам кутилмаганлигини, бундан боши кўкка етганини айтади:
 
“Президентимиз уйимиздан қайтгач, бизга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган Captiva машинасини совға қилиб юборибдилар. Кўп яшасин. Бошимиз кўкка етди, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу кампир икковимизнинг умримизда олган энг улуғ совға бўлди. Ҳа, ўзини билган одамга бундан ортиқ эътибор, бундан ортиқ ғамхўрлик бўлмайди-да. Бундан фахрланаман. Олдинги тузумда давлат раҳбари оддий қишлоқ уйига кириб, ҳол-аҳвол сўраганми? Машина совға қилишни-ку айтмасаям бўлади. Бугун болаларим, невара, чевараларимнинг тўкин, бахтли ҳаёт кечираётганини кўриб, беихтиёр болалигимни, бешафқат очарчилик йилларини эслайман. Ҳалол меҳнат, юртимиздаги меҳр-оқибат, ёшу кексага кўрсатилаётган ҳурмат-эътибордан суюнаман. Илоҳим, жаннатмонанд юртимизда тинчлик, тўкин-сочинлик, ободлик абадий бўлсин!”. 

Теглар:Шоди бобо Хўшбоқов Президент совғаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар