Миллий хавфсизлик хизмати хусусий ташкилот эмасди. Бир шахс манфаатларига ҳам хизмат қилмагани аниқ. Давлат хавфсизлиги сақланишида унинг ҳам муҳим ўрни, роли бўлганига кўз юмиб бўлмайди.
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари
Ҳожибой Тожибоевнинг “васвасаген” ва “чакакаген” ҳақидаги латифасини эслайсизми? Ўйланиб қоласан киши, қизиқчи ҳаёт бўлганида бугунги давр журналистларига қандай дорини тавсия қилган бўларди?
Замон тез ўзгаряпти, одамлар кечагимас, деган гапларни кўп эшитамиз. ХХ аср ахборот хуружлари, XXI аср ахборот асри бўлди, деган гапга ҳам касбимиз нуқтаи назаридан кўп рўбару келамиз. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ахборот майдонида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузата туриб, бизда ахборот хуружи энди бошланди, унда нафақат ахборот, одамлар курашяпти, ғоялар, мақсадлар, керак бўлса шахсий манфаат ўртага чиқяпти, деган хулосага келдик. Ахборот хуружи ўз ортидан юрак хасталигини етаклаб келадиган даражада жадаллашиб кетяптики, бундан айримлар васвасага ҳам тушиб қоляпти.
Ўзбекистонда сўнгги бир ярим йил ичида кутилган ва кутилмаган ўзгаришлар рўй бераётганини нафақат маҳаллий ОАВ, балки халқаро ҳамжамият ҳам бот-бот такрорламоқда. Бироқ кишида ҳақли бир савол туғилади: биз бу ўзгаришларга тайёрмидик? Халқ-ку кутгани аниқ, лекин ОАВ, журналистлар тайёрмиди?
Бугун ОАВда арзимаган хабарни айюҳаннос солиш билан одамларга етказиш, оммалаштириш энг самарали усул бўлиб қолди. Шу маънода ёзган мақолам учун тазйиқ ўтказишди, қабилидаги хабарларни ҳам ўқияпмиз. Бундай мақолалар куннинг долзарб мавзусига айланяпти.
Қачонлардир бизда хонандалик, актёрликка ҳавасмандлар кўпайган бўлса, бугун журналистликни осон тушуниб, шов-шув ортидан машҳур бўлиш дардида соҳага кираётганлар талайгина. Ва бундайлар исталган ОАВда топилади. Қонунларга итоат этмаслик, уларни билмаслик, ҳиссиётга берилиш эса бугунги замон журналистикасининг бир жиҳатига айланиб қоляпти.
Демократиянинг чеки йўқ. Шу маънода журналист хоҳлаган мавзуга қўл уриши, уни оммага тақдим этиши мумкин. Аммо баъзи масалалар бўладики, улар ҳақида гапириб, одамлар эътиборини қаратиб, янада оммалашишига сабаб бўлгандан, сукут сақлаб, натижага эришиш мумкин. Тарбияга эса уриб, сўкиб чақириб бўлмайди. ОАВ тақдим этаётган ҳар бир материалда эса инсон омили, одамлар тақдири ётганини унутмаслик жуда муҳим.
Ўтган ойларда қайнотасининг кўз олайтирганини айтиб чиққан келин, ОАВ диққат марказида бўлган эди. Кейинроқ унинг ўрнини бошқалар эгаллади ва бундай мавзуларнинг ҳар бирида журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлиги нечоғлик пастлагани аён бўлиб бормоқда. Йиллар давомида шоу-бизнес юлдузлари, таниқли шахслар газета ва журналлари, телевидение ва радио, интернетнинг асосий қаҳрамонлари бўлиб келди. Улар нимадан сўз очса, шу масала одамлар орасида асосий мавзуга айланди. Жамиятнинг баъзи қисми, ҳатто, айрим журналистлар жиддий ахборотларни қабул қила олмайдиган даражага етиб келди. Бунда кимнидир айбдор санаш нотўғри. Чунки бу жараёнда айбдор ҳам, ижрочи ҳам ҳамма бўлди.
Журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, савияси, муаммоларни олдиндан кўра билиш қобилияти шу қадар ўтмаслашиб қолдики, бугунги ўзгаришлар жараёнида журналист халқдан бир қадам олдинда юрувчи эмас, балки халқнинг ортидан эргашувчи, ким қаерга тортса, ўша ерга кетувчи вагонга айланди. Албатта, бу доирага ҳамма журналистларни киритмоқчи эмасмиз.
Телеканалларни кузатяпсизми? Одамлар устидан ҳангома қиладиган дастурлар кўпайган. Қодирийни танимаса, ҳиринг-ҳиринг, Чўлпонни Усмон Носир билан адаштирса, яна ҳиринг-ҳиринг... ТВ, ОАВ шунча йил Чўлпон-у Қодирий қолиб “Уммон”, “Беном”, “Манго”ни биринчи даражага олиб чиққандан кейин, халқнинг устидан мазаҳ қилиш тўғрими? Умуман уларни саволга тутиб, яна ТВга олиб чиқиб шарманда қилишга журналистнинг қонунан ҳаққи борми? Йўқ, албатта! Лекин буни кўплаб фуқаролар билмаганидек, журналистлар, ОАВ раҳбарияти ҳам билмайди, билса ҳам амал қилмайди.
Ё бўлмаса ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тарқатилаётган ахборотларга эътибор қаратсак: ҳар қандай жиноий ишни бажарган шахс то унинг жинояти суд томонидан тасдиқланмагунига қадар айбсиз саналади. Жинояти тасдиқланган тақдирда ҳам унинг розилигисиз ОАВда шахсий маълумотлари ва фотосуратини тақдим этиш мумкин эмас. “Автопатрул”, “Пойтахт йўллари”да каби дастурларда кўрсатилаётган қоидабузарлар эса шунчаки қоида бузган, холос. ОАВ уларни айбдор сифатида кўрсатиб, оммага олиб чиқиши, қизил чироққа бўйсунмагани ва ҳимоя камарини тақмай ҳаракатлангани учун муҳокама қилиш ноўрин. Журналист буни биладими? Билади, билгандаки... Ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзи бу борада журналистларга ўрнак бўлиб тургандан кейин, ОАВдан нимани кутиш керак?
Айтмоқчи, асослашга уринилган фикр ҳам бор: шуларни кўрсатиб, бошқаларнинг кўзини очиш, тарбияга чақириш. Узр, айтишнинг вақти келди. Нега бировни қурбон қилиш орқали тарбияга эришиш керак? Нега бировнинг шахсий ҳаётига аралашиб, унинг ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига журналистик фаолиятни олиб борилади? Бу саволга виждонан жавоб бера оламизми?
“MY5” телеканали орқали эфирга узатилган “Яширин камера” кўрсатуви ўтган ҳафта давомида диққат марказида бўлди. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ушбу кўрсатувда қонунчиликка зид жиҳатларни аниқлаб, канал раҳбариятига расмий хат киритди. Ҳаммаси шундан бошланди.
“MY5” телеканали “Яширин камера” кўрсатувида одамларнинг юзи беркитилган, деб иддао қилса-да у қайси қонунларга зид эканини эслатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, зотан бунга Адлия вазирлиги етарлича аниқлик киритди. Лекин биз бошқа кўз илғамас ҳолатга эътибор қаратишни лозим топдик.
Хўп, ўша қиз шифокор айтганидек, “MY5”чилар “исботлаганидек” ўз жонига қасд қилмади ҳам дейлик. Лекин биз асосий масаладан, мақсаддан анча узоқлашмадикми? Агар ўз жонига қасд қилган бўлса-чи? Шундай бўлганда-чи? Масаланинг туб моҳияти ҳам шу нуқтада кўринади. Биз, бошқа журналистлар, депутатлар, қонун ҳимоячилари муҳокама қилаётган масала ҳам шу аслида. Одамлар шахсий ҳаётига дахл қилувчи ахборотлар уларнинг саломатлигига, обрў-эътиборига салбий таъсир ўтказади. Бу тажрибада бир неча бор аниқланган.
Ҳар бир хато навбатдаги ташланажак қадам учун тажриба бўлиши керак. Гап хато қилишда эмас, уни такрорламасликда. Ортиқча ҳиссиётларга берилиб, айбдан бўйин товлаш, ўз ўрнига айбдор қидириш, емаган сомсага пул тўлатиш хатолардан хулоса чиқариш дегани эмас.
Сўнгги вақтларда ОАВда катта шуҳрат қозонаётган материалларга эътибор қаратинг. Кўплари қайсидир одамларнинг манфаатлари қурбон бўлиши эвазига тайёрланяпти. Яна биз бошқаларни тарбияга чақираётганимизни айтиб, ўзимизни оқламоқчи бўламиз. Ё бўлмаса, жамиятда юз бераётган катта эврилишлар даврида айримлар Миллий хавфсизлик хизмати, унинг “қулоқлари”дан сўз очиб, йиллар давомида халқ бундан азият чекканини ёзди. Миллий хавфсизлик хизмати хусусий ташкилот эмасди. Бир шахс манфаатларига ҳам хизмат қилмагани аниқ. Давлат хавфсизлиги сақланишида унинг ҳам муҳим ўрни, роли бўлганига кўз юмиб бўлмайди. Камчилик ва хатолар учун бутун бошли ташкилотга нисбатан одамларда нафрат уйғотиш, яна бу гапларни унинг фаолияти тугатилганда гапиришдан нима наф? У майдондалигида гапиришга нима тўсқинлик қилди. Нега энди тилингизга жон кирди?
Замоннинг зайли билан лойиқ ҳам, нолойиқ ҳам танқидчига айланди. Илм, савия, маърифат иккинчи даражага ўтиб қолаётгандек. Муаммонинг ичига кириш, тафсилотларини ўрганиш, фактлар тўплаш, таҳлил қилиш эса кун сайин заруратдан чиқиб боряпти. Муҳими танқид, муҳими қайсидир ҳокимни шарманда қилиш, бошқаларни айбдорга чиқариш, кимнидир одамларга ёмон кўрсатиш. Хулосалар эса иккинчи даражада қолмоқда. Танқид қилинган одам бир юмалаб ўзгариб қолмайди, қуруқ танқиддан натижа бўлмайди дегани бу. Танқид қилдингизми, ечимни ҳам, тўғри йўлни ҳам кўрсатинг, ундан кейини биргаликда кўрамиз.
Биз ушбу мақола билан кимнидир айблаш, улар билан даҳанаки жангга киришиш фикридан йироқмиз. Зотан, ҳар ким ўзига ярашган йўлдан бориши керак. Ҳеч ким, ҳеч бир ОАВ хатолардан ҳоли эмас, унда сиз-у бизга ўхшаган одамлар ишлаяпти. Гап шундаки, хатолардан хулоса чиқарилсин, янги айбдор ахтарилиб, ташланган ножўя қадамдан бўйин товланмасин, шов-шув, бақир-чақир билан омма эътибори бошқа масалага қаратилмасин. Айтилган сўз ортида одамлар тақдири борлигини унутмайлик! Хуллас, гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга!