Тошкент шаҳридаги нашриётда чоп этилган китоблардан асакалик, бойсунлик ёки шуманайлик китобсеварлар хабар топиб, почта орқали буюртма беришлари мумкин бўлади.
Жумладан, тизимдаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари “Ўзбекистон почтаси” билан ҳамкорликда “Почта орқали китоб” акциясини йўлга қўйишди.
Бу ҳақда Агентликнинг Ахборот хизмати “Qalampir.uz” таҳририятига юборилган мактуби орқали хабар бермоқда.
“Почта орқали китоб” акциясида нашриёт-матбаа корхоналарида нашр этилган китобларнинг каталоги яратилиб, “Ўзбекистон почтаси”га тақдим этилади.
Мазкур акция аҳоли, айниқса олис ҳудудларда истиқомат қилаётган китобхонларга қулайликлар яратиш мақсадида ўтказилмоқда.
Масалан, Тошкент шаҳридаги нашриётда чоп этилган китоблардан асакалик, бойсунлик ёки шуманайлик китобсеварлар “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлинмаларидаги каталог орқали хабар топиб, почта орқали буюртма беришлари мумкин бўлади.
Буюртма қилинган китоблар ишлаб чиқарувчидан бевосита харид қилиниши натижасида анча арзонга тушади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ташаббуси билан Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги кўчалар, хиёбонлар, бозорлар, метро, автобус бекатлари, мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ва бошқа аҳоли гавжум жойларга камида 2 тадан китоб тарғиботига бағишланган замонавий дизайндаги ижтимоий реклама баннерлари жойлаштирилади.
Ушбу баннерлар “Матбуот ва ахборот агентлиги тавсия этади” рукнида “Болангизга китоб совға қилинг!”, “Фарзандингизга китоб ўқиб беринг!”, “Набирангиз билан бирга китоб ўқинг!” сингари оилавий китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тавсиялар билан тўлдирилади.
Бундан ташқари, марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда машҳур санъаткорлар, театр ва кино актёрлари, спорт усталари иштирокидаги ижтимоий рекламалар тайёрланиши ва эфирга узатилиши режага киритилган.
Китоб мутоааласи ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича бу каби амалий лойиҳалар Агентлик томонидан мунтазам олиб борилади.
“...Бугунги болалар эртанги кун халққа айланади. Ёшларни китобга қайтаришимиз керак. Ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади”, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг куюнчаклик билан айтган бу сўзлари шунчаки шиорлар, баландпарвоз иборалар эмас. Балки мамлакатда фармону қарорлар билан мустаҳкамлаб борилаётган амалий ишларнинг бошланишидир.
Демак, эртанги кун аҳолиси, яъни бугунги кун болаларининг китобхонлик маданияти давлат ва жамият эътиборида!