...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бугун тунда ой атрофида гардиш пайдо бўлди


12:29, 25.01.2016 Жамият
 5 692

24 дан 25 январга ўтар кечаси ой ҳар қачонгидан ёруғ бўлиб, атрофида гардиш кўринди. Тарихга назар солинса, ой ва қуёш атрофида пайдо бўладиган гардиш ҳақида қўрқинчли ва ғайриоддий фикрларнинг гувоҳи бўламиз. У аслида нима? Нурми, шамолми ёки булут?

Бугун, 24 январдан 25 январга ўтар кечаси гўзал диёримиз осмонида ерга осуда боқиб турган ой атрофида мисли кўрилмаган, гўзал гардиш пайдо бўлди. Бу ҳодисани кузатганлар ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали ойнинг суратлари билан ўртоқлашишди. Кўпчилигимиз ой ҳақида етарли маълумотга эгамиз, бироқ унинг атрофидаги гардиш билан боғлиқ сирли манзаранинг аслида нима эканини билмасак керак?



“Ойнинг четидаги гардиш нима?”, деган саволга дунёнинг кўзга кўринган олимлари оддийгина қилиб, “ой атрофидаги камалак” деб жавоб беришган. Табиатда камалак қуёш ва сув томчилари асносида юзага келади. Ой атрофидаги гардиш эса ой ва муз зарралари асносида, тропосферанинг юқори қатламларида ердан 5-10 километр баландликда муз зарралари ёрдамида пайдо бўлади. Ой атрофидаги гардиш исталган фасл, кун, кундуз ёки тунда пайдо бўлиши мумкин. Баъзида уни қуёш атрофида ҳам кузатиш мумкин. Агар об-ҳаво жуда совуқ бўлса, кўчада одамлар йўлини ёритадиган ёриткичлар атрофида ҳам пайдо бўлади.

Гардиш худди камалак, шимол ёғдуси каби атмосферада содир бўладиган оптик ҳолат бўлиб, унинг 100 дан ортиқ тури бор. Гардиш сўзи қадимги грек тилидан олинган “гало” сўзидан келиб чиққан. У гардиш, доира, олов, нурли олов манъноларини англатади.



Юқорида айтиб ўтганимиздек, гардиш фақат ойнинг атрофида пайдо бўлади, деган фикр нотўғри. Гардиш қуёш атрофида ҳам бўлади. Гардишнинг камалакдан фарқини ажратиш қийин эмас, аммо фанда бу саволга янада аниқ ва осон жавоб бор.

Ой ва қуёш гардиши:
  • Гардишнинг бир нечта истисно турларидан ташқари ҳаммасини қуёш ёки ойнинг атрофида, унга қараб турган ҳолатда кўриш мумкин;
  • Аксарият ҳолларда ой гардиши 2 хил, қизил ва олов рангларда жилоланади. Кўплаб турларида айнан рангни ажратиш қийин. Истисно турларигина бир қанча рангларда товланиши мумкин
  • Гардишнинг энг маркази, ой ёки қуёшга яқин жойи қизил рангда бўлади.
 
Бундай фарқлар гардиш ва шимолий ёғду ўртасида ҳам мавжуд. Гардишининг юзлаб турлари орасида “Нурли ўрмон” деб номланувчи гардиш тури мавжуд. Кўпчилик айнан шу ҳолатни шимол ёғдуси билан адаштиради. Бу икки табиат ҳодисалари ҳам фанда қуйидагича ажратилади:

Шимол ёғдуси:
  • Бу нур асосан қуёш порлаган кунларнинг сўнгида шимолий кенгликларда пайдо бўлади;
  • Шимолий ёғду яшил баъзи ҳолларда қизил рангда бўлади;
  • Гардишдан фарқли ўлароқ шимолий ёғду ҳаракатланади.
“Нурли ўрмон” гардиши:
  • Гардишниг бу тури юқори даражадаги совуқ об-ҳавода пайдо бўлади. У худди осмондан ерга найзасимон нурлар тушаётган манзарани касб этади.
  • Ранг борасида ушбу гардишнинг ранги шимол ёғдусникига ўхшаб кетади.
  • У юқоридан пастга қараб тушган ҳаракатсиз нурлар жамланмасидир. Унинг нури ёруғлашади, сўнади, аммо шимолий ёғду каби тез ҳаракатланмайди.
Қадимда ой ва қуёш атрофида пайдо бўлган гардиш инсонларни қўрқувга солган. Чунки у вақтларда бунинг нима эканини ҳеч ким билмаган. Тарихда бунга минглаб мисоллар бор. Кўплаб мамлакат подшолари ой ва қуёш атрофида гардишнинг пайдо бўлиши бирор бахтсизликнинг аломати деб билишган. Баъзилари, амалга ошираётган сиёсий ишлари вақтида гардиш кўринса, ушбу ишни бекор қилган.

Масалан Карл V  1551 йили Магденбургни қамал қилиш қарорини бекор қилгани ҳам айнан гардиш билан боғлиқ. Қамал учун  Магденбургга борган император қуёш атрофидаги катта гардишни кўради ва “бу гардиш Магденбургни ҳимоя қилмоқда” деган хаёл билан қамалдан воз кечади.
Иван Грознийнинг рафиқаси ташқарида ой атрофида қандайдир из, чизиқ борлигини айтгач, шоҳ аста секин пардани очади ва даҳшатдан қўллари қалтираб кетади. Сўнг, ташқарига чиқадию, ой атрофидаги катта чизиқли ёруғликни кўради. Ана шунда у ҳам бошқалар қатори буни ёмонлик аломати деб билиб, “мана менинг ўлимим белгиси” дея пичирлайди.



Наполеон тахтдан қулаганидан сўнг Муқаддас Елена оролига сургун қилинганини тарихдан биламиз. У сургунда бўлган вақтда мамлакат осмонида қуёш атрофида жуда катта гардиш пайдо бўлади. Гардишни авом Наполеоннинг сургундан қайтиши билан изоҳлаган.

Тарихда бир қатор буюк рассомларнинг ҳам асарларида гардиш ва камалакларнинг аксини кўриш мумкин. Улар гардишнинг қандай аҳамиятга эга эканидан қатъи назар, уни борлигича намоён этишга ҳаракат қилишган. Масалан, 1805 йили рассом Йозеф Антон Кох кам учрайдиган иккиланган камалак турини тасирлаган. Рубенс Питер Пауль эса гардишни тасвирлаган.

Гардишни тўлиқ ва бор гўзаллигича кўриш учун албатта қуёш нуридан ҳимояловчи кўзойнакни тақиш лозим. Кўзойнак нафақат тасвирни ойдинлаштиради, балки бевосита ерга келаётган қуёшнинг кучли нурларидан кўзларимизни ҳам ҳимоя қилади. Агар кўзойнак бўлмаса, гардишни кузатинг ва бир қўлингиз билан қуёшни тўсинг.

Табиатда ҳар неки бор Яратганнинг мўжизаси. Уларни биздан минг йиллар илгари ўргана бошлашган. Гарчи ҳозир ҳам ой ва қуёш гардиши сингари кўплаб табиат ҳодисалари ўрганилаётган бўлса-да, йиллар сайин улар ҳақида яна бошқа кўплаб маълумотлар, фикр ва мулоҳазалар пайдо бўлмоқда. Кеча, пайдо бўлган ой атрофидаги гардиш эса тинч ва фаровон ўлкамизнинг мусаффо осмонида балққан ой атрофида узоқ турди.
Умида Якубова

Теглар:Ой Қуёш Гардиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар