Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон "Арсенал" ва "Челси" жамоалари ўртасидаги учрашувни майдонда кузатишга муваффақ бўлди.
24 январь куни Англия чемпионатининг 23-туридан ўрин олган “Арсенал” ва “Челси” футбол жамоалари учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон мазкур ўйинда иштирок этиб, томошабинлар қаторида тушган суратини Instagram’даги шахсий саҳифасига жойлади. Хонанданинг ташқи кўринишидан футболнинг ашаддий ишқибози эканини пайқаш қийин эмас. Назархон бу ўйинда “Арсенал”га мухлислик қилди. Бироқ ўйин Севарага ҳам, “Арсенал”га ҳам омадли келмади. 0:1 ҳисобида якунланган “Арсенал”-“Челси” ўйинини ТВ орқали кузатган ўзбекистонлик ишқибозлар томошабинлар қаторида Севарани кўрганликларини ижтимоий тармоқларга ёзиб қолдиришмоқда. Аммо Севара бу изоҳларга жавоб қайтарганича йўқ.
Ўйин сўнгида хонанда яна суратга тушиб уни Instagram’га жойлаштирар экан, навбатдаги суратига “Ажойиб ўйин! Тўғри, бугун бизникилар мағлубиятга учрашди, эртага эса сизларники! Ҳаммаси ҳаётдагидек. Муҳими қалбингизда ўт бўлсин, олға!”, – дея изоҳ қолдирди.
Дарвоқе, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон жорий йилнинг 13 февраль куни “Ўзбекистон” меҳмонхонасида концерт бериши ҳақида
хабар берган эдик. Маълумотларга қараганда, 14 февраль куни хонанда Тошкентдаги “Мармарис” ресторанидаги дастурда ҳам иштирок этади.