Бугун Тошкент шаҳар Миробод туман судида Жасурбек Иброҳимов билан боғлиқ иш кўрилиши кутилмоқда.
1999 йил 11 декабрда туғилган Жасур ўз курсдошлари томонидан калтакланган, узоқ вақт давом этган даволаниш ва жарроҳлик операциялари бесамар кетиб, натижада бевақт ҳаётдан кўз юмган эди.
Жиноят иши юзасидан тергов ишлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётгани айтилган эди. 14 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББда ўтган брифингда Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими билан боғлиқ масала жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судига оширилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур жиноят иши бўйича бугун, 26 сентябрь куни соат 14:30 да Тошкент шаҳар Миробод туман судида биринчи ёпиқ суд мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Жасурбек “қорин бўшлиғи соҳасидаги аъзоларининг тўмтоқ жароҳати, ўн икки бармоқли ичагининг кўплаб жароҳатлари, ўнг буйрак лати жароҳатларидан кейинги холецистит, панкреонекроз, перитонит” ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказида жорий йилнинг 1 июнь куни вафот этган эди.
Марҳумнинг онаси юз берган фожиа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб ёзиб, адолат қарор топишини ва айбдорлар жазоланиши сўраган эди.
4 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси мазкур жиноят юзасидан тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилинганди.
4 июнь куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Дўстлик” (собиқ Бобур) боғи ҳудудида Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдорларни жазолашни сўраб петиция бўлиб ўтганди.
Исломнинг ота-онаси бемор реанимацияда ётган пайтида унга таҳдид қилишгани ва қўрқитишгани ҳақидаги гап-сўзлар Жасурнинг ота-онаси томонидан тасдиқланмаган эди.
Марҳум Жасурбекни гумондор Ислом Тўлаганов бошлиқ бир неча нафар ўсмир тепкилаган ҳақида хабарлар тарқалган эди ва ушбу воқеага оид фотосуратлар пайдо бўлганди.
Гумондор Ислом Тўлагановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди аломатлари билан жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган эдик.
Эслатиб ўтамиз, ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн мазкур воқеа юзасидан баёнот берган.