Бошловчи хотиржам тамаки тутатган, сув ичган ва ҳатто кийимларини ҳам тартибга келтирган, кейин яна эфирни давом эттирган.
Вазиятни барқарор ушлаб туриш, аввало, бошловчилар, бундан ташқари оператор ва режиссёрлар зиммасида. Баъзан тўғридан-тўғри эфир орқали томошабинлар юзига табассум улашувчи ёки, аксинча, дилни хира қилувчи воқеалар ҳам содир бўлиб туради. Қуйидаги ҳодиса ана шулар қаторига киради...
Америка телеканалларининг бирида бошловчи янгиликлар дастури давомида жонли эфир орқали сигарета чекди. Бу ҳақда “Reddit” хабар бермоқда.
Бошловчи янгиликларни ўқий туриб кутилаётган лавҳага навбат берган. Кейин ўзи хотиржам тамаки тутатган, сув ичган ва кийимларини тартибга келтириб, яна эфирни давом эттирган.
Ўзингизга маълум, телекўрсатувлар у ёқда турсин, айрим кинофильмларда ҳам тамаки чекилаётган саҳналар “қайчилаб” ташланади. Тамаки чекишни тарғиб қилиш сифатида баҳоланадиган бу ҳолатлар қаттиқ танқид остига олинади. Ҳатто тамаки чекишни ташлашга доир маслаҳатларда ҳам бу ҳақда кескин фикрлар билдирилган.
Маълум бўлишича, оператор лавҳага уланиш вақтида камерани ўчирмаган. Бошловчи эса бундан бехабар бўлган ва бемалол “ҳордиқ” чиқарган. Ҳозирча оператор ва бошловчига нисбатан кўрилган чоралар ҳақида маълум эмас. Бироқ улар тамаки чекишни тарғиб қилиб қўйганликда айбланиши турган гап...