...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бола сизники, тарбияси ҳамманики! Тарбияни Макаренкодан ўрганамиз


15:23, 13.04.2018 Жамият
 3 456

Бундай инсон ҳар қандай жиноятни содир этиши мумкин.

Тўрабек Тўраев 
Мактабгача таълим вазирлиги
 Ахборот хизмати раҳбари

Тарбия жараёнининг мақсади тарбия муассасаси, оила,             шу жумладан ҳар бир педагог ва ота-она томонидан яққол сезилиши керак. Тарбия фаолиятининг ошкора мақсадини амалга оширмасдан туриб бунинг иложи йўқ. Бу мақсад маълум фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган бўлиши керак.
 
Мазкур фикрлар бизларга ўз тарбияланувчиларини жамоа, ўзини-ўзи бошқариш, меҳнат, ўқитувчи, тарбиячи ва ота-она тарбияси ёрдамида ҳақиқий тарбиялай олган А.С. Макаренко тажрибасини ўрганишимиз зарурлигини кўрсатиб турибди. Айнан ушбу ишларни ташкил қилиш педагогга болакайларни тўғри тарбиялаш, уларнинг қалбида эзгулик ғояларини шакллантириш, тарбияланувчиларни атрофдаги салбий таъсирлардан ҳимояланиш, эзгу амаллар қилишга ўргатиш имконини яратди. Антон Семенович Макаренко ҳақиқий педагог сифатида буни яхши биларди.
 
Афсуски, унинг кучли шахсни тарбиялаш тамойиллари бугунги кунда тўлиқ қўлланилмоқда, дея олмаймиз. Бу эса маълум маънода жамият деградациясига олиб келади. Биз бу деградацияни деярли ҳар куни кузатишимиз мумкин. Инсонларнинг бир-бири билан мулоқотига эътибор беринг. Бугунги кун одамлари бир-бири билан нечоғлик ҳамкорлик қила олади? Ахир айнан ана шу муҳим тамойил ҳисобланиб, ўзининг ижобий самараларини бериши, шубҳасиз. Инсонлар бир-бири билан ҳамкорлик қилиши учун қатор инсоний фазилатларга эга бўлиши лозим. Шахснинг бу сифатларга эга бўлишининг асосчилари эса, шубҳасиз, педагог ва ота-оналардир. Айнан улар ҳар бир болада бундай юксак фазилатларни шакллантиради. А.С.Макаренко болакайларда ушбу жиҳатларни тарбиялашга ҳаракат қилган ва бунга эриша олган.


 
Биринчи ва энг муҳим фазилат – бирор нарса, маълум ҳодисани бошқалар кўзи билан кўра олишдир. Мазкур фазилат туфайли инсонлар қайғуришни ўрганади. Айнан шу сифат инсоннинг инсонлигини белгилайди. Ўзгалар учун қайғуриш ҳисси тарбияланмаган бола атрофдагиларга нисбатан бераҳм, бемеҳр бўлиб улғаяди. Бундай инсон ҳар қандай жиноятни содир этиши мумкин. Ҳамдардлик, раҳмдиллик туйғулари бировлар учун қайғурадиган болага хос хусусиятлардир. Ундай инсон ҳаётда қийин аҳволга тушган биродарини қўллаш, унга тасалли беришга қодир бўлади.
 
Иккинчи фазилат – ўзгаларга нисбатан хайриҳоҳ муносабатда бўлиш. Бу ўзга инсондаги энг яхши жиҳатларини кўриш, уни ёқтириш ва ҳурмат қилишга йўл очади. Бировлар содир этган хато ва камчиликларни кечириш – хайриҳоҳ инсонга хос хусусиятдир. Бу, инсонларни қабул қилиш, улар билан мулоқот қилиш, хатоларни тузатиш учун биргаликда йўл топишга имконият ҳам яратади.
 
Учинчи фазилат – самимий бўла олишдир. Бу бошқа инсонларга яқинлашиш, мулоқот жараёнида ўзида ижобий инсоний фазилатларни тоблаш имконини беради. Мазкур фазилат туфайли бошқа инсонларни ўзига жалб қила олувчи, ёрқин, ўзига хос шахс шаклланади.
         
Инсондаги энг муҳим фазилатлардан яна бири – мулоқот жараёнида умумий мулоҳазалардан қочишдир. Болани мустақил фикрлашга ўргатиш ҳаётда унинг тўғри йўлни топишига ёрдам беради. Шу боис, А.С.Макаренко тарбияланувчилари билан мулоқоти жараёнида уларга ўз муаммоларини аниқ баён этиш, бу борада ўз шахсий фикр ва қарашларини билдиришга ўргатган.
 
А.С.Макаренко болаларда шакллантирган бешинчи фазилат – ташаббускорликдир. Унинг тарбияланувчилари ҳаракатчан бўлган. Улар ўз-ўзини бошқариш орқали доимо олдинга интилар, бошқа инсонлар билан соғлом муносабат ўрната оларди.
 
Албатта, ёрқин, ижобий шахс, масъул инсонни шакллантирувчи кўплаб бошқа сифатлар ҳам мавжуд. Масъул инсонлар кўпчиликни ташкил этган жамият ривож топади.
 
А.С.Макаренко болада ватанпарварлик ғояларини тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Олим ватанпарварлик тарбияси мамлакат иқтисодий тараққиёти ва унинг хавсизлиги асоси эканини яхши билган. У ватанпарварлик нафақат қаҳрамонона ҳаракатлар, балки ҳалол, адолатли бўлиш, она Ватан тарихини ўрганиш орқали ҳам намоён бўлади, деб таъкидлаган.
 
Биз буюк педагог А.С.Макаренко жиддий эътибор қаратган тарбиянинг айрим муаммоларини очиб беришга ва ҳозирги кунда уларнинг ечимига доир саволга жавоб беришга ҳаракат қилдик.

Теглар:Макаренко Тарбия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар