Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Ҳиндистондан нодир асарлар билан қайтадиган бўлди.
Ҳиндистон Миллий музейида 200 мингдан ортиқ қадимги ёдгорликлар, археология бойликлари ҳамда маданият ва этник хилма-хиллик экспонатлари сақланади.
Музейда Марказий Осиё буюмларига бағишланган ва Ҳиндистон билан кўп асрлик ва самарали алоқалар ҳақида сўзловчи махсус галерея ҳам ташкил этилган.
Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг тарихий ва маданий бойликлари намуналарини Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги топшириғига асосан, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Миллий музейда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1528 йилда ёзилган “Девони Бобур” қўлёзмаси ва 1640 йилда яратилган “Шахзода Дори Шикоҳнинг тўй маросими” миниатюрасининг нусхаларини Ўзбекистонга тақдим этиш ҳақида келишувга эришди.
Ҳиндистон Миллий музейи бош директори Будҳа Рашми Мани Ўзбекистон делегациясига қўлёзма ва миниатюра нусхаларини расман топширди.
Маълумотларга кўра, нодир экспонатлар Ўзбекистон тарихи Давлат музейига тақдим этилади.