...
МЕНЮ
ONLINE TV

Биз ким мулки Турон...


12:26, 09.04.2016 Жамият
 5 403

“Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”.

Бугун улуғ саркарда, давлат арбоби, бунёдкорлик, ободончилик, маданият ва маънавият ҳомийси – Амир Темур Соҳибқирон ибн Тарағай Баҳодирнинг таваллуд топганига 680 йил тўлди.
 
Шу муносабат билан бобомизнинг таваллуд куни  анъанавий тарзда пойтахтимизнинг турли бурчакларида нишонланмоқда.
 
Албатта, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида кўплаб маълумотларни биламиз. Шундай бўлсада, унинг ҳаёти, босиб ўтган йўли ва амалга оширган хайрли ишлари ҳақида сизга қизиқарли маълумотларни тақдим этиш истагидамиз. Балки улар ичида сиз билмаган ва сизни қизиртирган маълумотлар бордир?
 
Темурлангдан Тамерлангача...
 
Бобомизнинг тўлиқ исми Амир Темур кўрагоний ибн Амир Тарағай ибн Амир Бурқул бўлиб, ёзма манбаларда у Темурланг, Европа адабиётида Тамерлан номлари билан таърифланади. У 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган.
 
У кимларнинг авлоди эди?
 
Амир Темурнинг онаси Такинахотун бухоролик машҳур фақиҳ Тож аш-шариа (шариат тожи) тахаллуси билан машҳур бўлган Убайдулла ибн Масъуднинг авлоди (1350-йил вафот этган) эди. Унинг отаси Амир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолларидан бўлиб, Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари эса Чиғатой саройи мулозимлари қаторидан ўрин тутган. Улар Кеш ва Насаф вилоятида ўз мулкларига эга бўлган ва бу юртда ҳокимлик қилган. Шу боисдан Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайбек ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бек ва бийларининг умум қурултойига таклиф этилар ва бундай йиғинларда қатнашарди.
 
Буюк инсоннинг ёшлик йиллари
 
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
 


Моҳир чавандоз ўз сафдошлари билан юришларга чиққан
 
Амир Темурнинг ёшлиги она юрти Кешда кечди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга беради. У ёшлик чоғлариданоқ чавандозлик ва овга ишқибоз бўлиб, камондан нишонга ўқ узиш, от чоптириш турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлишни ёқтирар эди. Шу аснода Амир Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир сифатида вояга етади. Унинг атрофида болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб, ҳарбий гуруҳга бирлашиб шакллана боришади. Бу гуруҳ орасида Аббос Баҳодир, Жаҳон Шоҳбек, Кимори Иноқ, Сулаймон Шоҳбек, Сайфуддинбек ва бошқалар бўлган. Кейинчалик улар Амир Темурнинг сафдошларига айланиб, унинг қўшинида лашкарбошилик даражасига кўтарилганлар.
 
Амир Темур табиатан оғир, босиқ, теран фикрли ва идрокли, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Шу туфайли ўспиринлик чоғларидаёқ тенгқурларидан садоқатли дўстларни атрофга жалб қила олган. Ўзининг илк ҳарбий фаолиятини Амир Темур қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган. Уларнинг ўзаро курашларида маҳорат ва олийҳимматлик Амир Темурнинг шуҳратини ошириб, унинг донғи бутун Қашқадарё водийси, хусусан, Кеш вилоятига ёйилган.
 
Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур 18 марта уйланган
 
Отаси Амир Темурни аввал (1352) Амир Жоку Барлоснинг қизи Турмиш Оғога уйлантиради. 1362 йилда Амир Темур Қазоғоннинг набираси, Амир Ҳусайннинг синглиси Улжой Туркон Оғони ўз никоҳига олади. Кейинги никоҳ туфайли Балх амири билан боғланган қариндошлик алоқалари шубҳасиз Амир Темур билан Амир Ҳусайн ўртасидаги иттифоқни юзага келтирди ва Мўғулларга қарши жиддий кураш бошланди.
 
Тарихий маълумотларнинг далолатича, соҳибқирон Амир Темур ўн саккиз марта уйланган. Бундан ташқари у 22 нафар хос канизакларини ҳам ўз шабистонига маҳрам қилган. Тарихий маълумотларга қараганда, Амир Темур вафот этганда, унинг хотинларидан тўртаси – Сарой Мулк хоним, Туман оғо хоним, Тукал хоним ва Руҳ Парвар оғо хонимлар ҳали ҳаёт эдилар.
 
Соҳибқиронинг набиралари
 
Амир Темур вафот қилган вақтда ундан икки ўғил, 19 набира ва 15 чевара, жами 36 шаҳзода ҳаёт эди. Булардан ташқари соҳибқироннинг кичик қизи – Султон Бахт бегим ва катта қизи – Оғо бегимдан туғилган ўғил – Султон Ҳусайн Мирзо исмли набираси ҳам бор эди.
 
35 йиллик хукмронлик
 
Амир Темур 35 йил давомида мамлакатни бошқарди. Кўпдан-кўп ҳарбий юришлар ва жангу жадалларни амалга оширди. Кўп мамлакатлар забт этилди. Оқибатда Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят катта ҳудудни қамраб олган улкан салтанатни вужудга келтирди.Амир Темур Кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Дон бўйлари, Балхаш кўли ва Ила дарёси, Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ўзига бўйсундирган.
 


Забт этилган мамлакатларнинг энг истеъдодли инсонларини жалб қилган
 
Бобомиз забт этган мамлакатлардан Амир Темур катта ўлжалар билан бир қаторда кўзга кўринган олимлар, ҳунармандлар ва моҳир усталарни Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бухорога кўчириб олиб келди. Бу шаҳар ва қишлоқлар обод қилинди. У нафақат Мовароуннаҳр ва Туркистонни обод қилди, балки бўйсундирилган мамлакатларнинг шаҳарларини ҳам қайта қурдирди. Бағдод, Дарбанд ва Байлакон шаҳарларини қайта тиклади. Карвон йўлларида работлар, қалъалар, кўприклар, шаҳарларда масжид ва мадрасалар ҳамда боғ-у бўстонлар барпо этди. Энг муҳими Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги тарқоқлик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, Шарқ билан Ғарбни боғловчи қадимий карвон йўлларини тиклади. Бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётга, халқлар ва мамлакатларни бир-бири билан яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди.
 
Амир Темур барпо этган боғлар
 
Тарихчи Ҳофиз Абрўнинг ёзишича Амир Темур Хуросондаги Мурғоб водийсида ободончилик ва деҳқончилик ишлари хароб бўлганини кўриб, дарёдан 20 та канал қаздириб, сув чиқариб деҳқончилик ва ободончилик ишларига асос солади. Унинг топшириғи бўйича Кўҳак-Зарафшон, Амударё ва Сирдарёга кўприклар қурилди. Шунингдек, Сирдарёдан, Оҳангарондан канал қазилди. Соҳибқироннинг фармойишига кўра, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Фарғонада ирригация – суғориш ишлари олиб борилди. Бундай бунёдкорликлар давлатнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилган. У узоқ Қорабоғда 42 км канал қурдирган. Озарбайжондаги Муғон шаҳрида 12 та боғ барпо этган.
 


Амир Темур ҳақида чоп этилган китоблар
 
Амир Темур ҳақидаги биринчи китоб 1553 йил Флоренсия (Италия)да чиққан. Испан тарихчиси Перо Мексиканинг “Буюк Темур тарихи” деган асари ҳам чоп этилди.
 


Мустақиллик йилларида ўзбек олимлари жиддий тадқиқ этишга киришган Амир Темур сиймоси жаҳон олимлари томонидан муайян даражада ўрганилган бўлиб, унга бағишланган кўплаб тадқиқотлар яратилган. Улардан асосийлари Соҳибқирон билан замондош ва бевосита  мулоқотда бўлган муаррихлар Шарафуддин Али Яздий ва Низомиддин Шомийнинг алоҳида-алоҳида “Зафарнома” номли тарихий китоблари, Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” асаридир. Бундан ташқари темурийлар даври тарихи мукаммал яратилган солномалар Ҳофизи Абрўнинг “Тарихлар сираси”, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асари ва бошқалардир.
 
Кастилия қиролининг элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат кундалиги”, Н. Остроумов томонидан француз тилидан рус тилига таржима қилинган “Темур тузуклари” ва Л.Лянгленинг “Темур ҳаёти” номли асарларини алоҳида тилга олиб ўтиш мумкин. Мазкур манба ва тадқиқотларда Амир Темур образининг бадиий талқинига доир кўплаб маълумотларнинг ҳам мавжудлигини эътиборга олиш керак бўлади.
 
Истиқлол шарофати билан ўзбек насрида Темур образини яратган Муҳаммад Алининг тўрт китобдан иборат “Улуғ салтанат” номли романида Амир Темур шахсига ўзига хос муносабат билдирилади.
 
Беназир дипломат
 
Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қила олган. Унинг Византия, Венеция, Генуя, Испания, Франция, Англия, бошқача айтганда, ўша вақтда кўпроқ маълум ва машҳур бўлган Оврўпо давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва уни мусаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини француз ва инглиз қиролларининг унга ёзган мактублари билан далиллаш мумкин.
 
Манбаларда соҳибқирон Амир Темур – ёрқин хислатларга эга эканлиги, хотираси ўткир, шижоатли ва қатьиятли, бир сўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланади.


 
Мустақиллик йилларида
 
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов сай-ҳаракати билан Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошлади. Ислом Каримов ташаббуси ва раҳномалигида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди. Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), “Амир Темур” ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.


 
Умида Якубова

Теглар:Соҳибқирон Амир Темур 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар