Қора-қамишдаги собиқ деҳқон бозори 19 декабрдан эътиборан манзарали қушлар ва балиқ бозорига айлантирилди.
Олмазор туманининг Қора-қамиш 2/5 даҳасида жойлашган деҳқон бозорига манзарали қушлар ва балиқ бозорининг кўчиб келганига бир кун бўлмай туриб ўша ерда истиқомат қилувчи аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бозорга ташриф буюрувчи харидорлар учун автотураргоҳнинг йўқлиги, автомобиль йўлининг торлиги оқибатида тирбандлик юзага келяпти. Машиналарнинг йўл четига, қарама-қарши йўлларни ажратиб турувчи трамвай йўлига палапартиш қўйиб кетилиши нафақат жамоат транспортлари, балки енгил машиналарнинг ҳаракатланишига қийинчилик туғдирмоқда.
“Ҳали ёғингарчилик кунлари бошланмай туриб, йўлларимиз шу даражада тирбанд бўлса, қор ёғиб йўллар музлаганда қандай бўларкин, ҳайронман. Манзарали қушлар ва балиқ бозорининг биз яшайдиган ҳудудга кўчиб келгани яхши, бироқ автотураргоҳ йўқлиги сабаб бозордан 100 метр наридаги маҳалламизга ҳам харидорлар машиналарини қўйиб, бозорга кириб кетишяпти”, – дейди ўз исмини яширган Тошкентнинг Қора-қамиш 2/5 даҳасида истиқомат қилувчи фуқаро.
Бозор жойлашган ҳудудда озиқ-овқат дўконлари, 196, 191 умумий ўрта таълим мактаби, 94-Мактабгача таълим муассасаси, М.Турсунхўжаева номидаги тиббиёт коллежи, Uztelecom компанияси филиали кафе ва ресторанлар, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатувчи турли марказлар фаолият юритмоқда. Бозор атрофида автотураргоҳнинг йўқлиги, уни кўчириб олиб келишда бу масала инобатга олинмагани ўша ерда яшовчи аҳоли ва давлат ва жамоат ташкилотлари, корхоналарнинг, таълим даргоҳларининг фаолиятига таъсир ўтказиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Балки мутассаддилар бу масалага ҳам тез орада ечим топишар.