...
МЕНЮ
ONLINE TV

Аукционда Стив Жобснинг шахсий буюмлари 70 минг АҚШ долларига сотилди


15:05, 22.02.2016 Технология
 2 545

Стив Жобснинг аукционга қўйилган шахсий нарсалари ичида унинг қўл соати, шиппаги, ручкаси ва бошқа буюмлари бор эди.

Apple корпорациясининг асосчиси, марҳум Стив Жобснинг бир қанча шахсий буюмлари Далласдаги (Техас штати) Heritage Auctions савдо уйида ўтказилган аукционда сотилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Стив Жобснинг сотилган шахсий нарсалари ичида энг кўзга кўринарлиси – унинг 1980 йиллар бошида фойдаланган қўл соати бўлди. Стив ўзи яратган Macintosh компьютерининг дастлабки моделлари рекламаларида ҳам ўша соатни тақиб суратга тушган. Бу соат Япониянинг Seiko компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, аукционда 42,5 минг АҚШ доллари ҳисобида исми ошкор этилмаган харидорга сотилди.

Бундан ташқари, аукционда Жобс 30 ёшида кийган, немис фирмаси Birkenstock томонидан ишлаб чиқарилган шиппак 2,7 минг АҚШ долларига харид қилинди.

Аукционда Стив Жобснинг одатий кийимларидан бири – қора водолазка, яна унинг Apple логотипи туширилган ручкаси, шахсий ташриф қоғози, почта квитанцияси каби буюмлар ҳам сотилди. Харид қилинган нарсаларнинг умумий қиймати 70 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Стив Жобснинг шахсий нарсаларини савдога унинг эски таниши Марк Шефф қўйди. Марк Шефф узоқ вақт давомида Стивнинг Калифорниядаги уй-хўжалигини бошқарган.

Маълумот ўрнида, Стив Жобс 1955 йил Калифорния штатининг Сан-Франциско шаҳрида туғилган. У машҳур Apple компаниясининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Стив компаниянинг директорлар кенгашига раислик қилган.

Apple асосчиси 2011 йил 5 октябрда ўзининг Калифорниядаги уйида 56 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Руслан Сулаймонов 

Теглар:Стив Жобс Аукцион Apple 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!