Туркман миллий кураши баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар 12 та медални қўлга киритишди.
Мусобақа старти мезбонларнинг миллий спорт тури — туркман миллий кураши билан бошланди.
Полвонлар 16 сентябрь, шанба куни туркман миллий кураши турининг эркин услубида баҳс олиб боришди. Аксарият вазн тоифаларида мезбонларнинг қўли баланд келди. Лекин -75 ва -90 кг вазн тоифаларида олтин медаллар ўзбек полвонларига насиб этди.
Илҳомжон Машрабов ярим финалда мезбонлар вакили Дарё Абдиевни доғда қолдирди. Сўнгра туркман полвонларидан яна бири Оразмаммед Велмаммедовни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
23 ёшли полвон Ўзбекистон терма жамоасига Ашхободдаги ўйинлардаги дастлабки олтин медални келтирди.
Обидали Мавлонов чорак финалда афғонистонлик Башир Аҳмад Муҳаммади устидан ғалаба қозонгач, чемпионлик йўлида икки мезбоннинг қаршилигини синдиришга муваффақ бўлди.
Арслон Ибрагимқулиев ва Овезгелди Бердиев ўзбек полвони билан беллашувларда мағлуб бўлишди. Олтин медаль учун баҳс чоғида Обидалининг қўллаган усулига нафақат рақиблар, балки уларнинг устозлари ҳам тасанно айтиб юборишди.
-100 кг вазн тоифасида Исломжон Қўлдошев чорак финалда мўғулистонлик Батболд Ботирни енгди. Лекин финал йўлланмаси учун курашда туркман рақиби Сейди Ботировга ютқазиб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди.
-62 кг вазн тоифасида Файзулла Умматов чорак финалда эронлик Носир Ғорбанпурдан устун келди.
Ярим финалда туркманистонлик Наврўз Эйеббердиевга имкониятни бой бериб, учинчи ўрин соҳибига айланди. Худди шу вазнда Абдурасул Ҳабибуллаев тожикистонлик Ибодулло Алибердизода билан чорак финалдаги беллашувда зафар қучди. Аммо финал йўлланмаси учун баҳсда афғонистонлик Аҳмад Амирига ютқазиб қўйди ва жамоадоши Файзулла Умматов билан бирга бронза совриндорига айланди.
-68 кг вазн тоифасида Шаҳобиддин Сангилов чорак финалда тожикистонлик Мусурмонқул Мустафоқуловни доғда қолдирди. Кейин эса туркман полвони Тойлимурот Дурдимуродовга ютқазиб, бронза медали билан қаноатланишга мажбур бўлди.
-82 кг вазн тоифасида Элдор Неъматов афғонистонлик Ҳикматуллоҳ Фанусни енгиб ярим финалга чиқди. Аммо Элдорнинг туркманистонлик рақиби Бегмурот Бойдурдиев унга финал эшигларини ёпиб қўйди. Натижада Неъматов шоҳсупанинг 3-поғонасига кўтарилди.
Қизлар баҳсида:
-52 кг вазн тоифасида Шаҳзода Эргашева чорак финалда эронлик Лейла Сиёҳвашини енгди, кейин мусобақа мезбони Гулфия Жумаевадан устун келди. Финалда Эргашева туркманистонлик бошқа спортчи Лочин Бадаглиевага имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Шу вазн тоифасида Манзураой Мўйдинова покистонлик Марьямни ортиқча қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. Бироқ Мўйдинова ярим финалда бошқа бир рақибига ютқазиб қўйди.
-58 кг вазн тоифасида Гулҳуморой Дадабоева эронлик Заҳро Маҳмудий ва мўғулистонлик Лхагвакху Очирпуревни енгиб, финалга чиқди. Бироқ олтин медаль учун беллашувда туркманистонлик Зуҳра Мадраимова кучлилик қилди.
- 68 кг вазн Гулмира Исматова покистонлик Бениш Хон ва туркман рақибаси Раъно Узоқова билан учрашувларда яққол устунликка эга бўлди. Лекин финалда мезбонлар вакиласи Насиба Суркиевадан енгилди ва Ўзбекистон делегациясиз ҳисобига навбатдаги кумуш медални келтирди.
-63 кг вазн тоифасида Дилафрўз Мамажонова бир кунда беш марта гиламга чиқди. Дилафрўзнинг жамоадоши Ҳавасхон Жўрақўзиева ва эронлик Лейла Саларванд устидан қозонган ғалабалари барчада катта таассурот қолдирди. Лекин Дилафрўз ҳозирча бронза медали билан тақдирланди.
Жиу житсу турнирининг дастлабки куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан икки нафари ўз омадини синаб кўрди.
-77 кг вазн тоифасида Суҳроб Усмонов ярим финалга қадар етиб борди. Бироқ шу жойда тўхташга мажбур бўлишди. Суҳроб бронза медали соҳибига айланди.
Умумий маълумотлар
Маълумот учун, туркманистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг дастлабки кунида 16 олтин, 14 кумуш ва 7 бронза медали қўлга киритишди.
Ўзбекистон делегацияси ҳисобида эса 2 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медали бор. Кучли учликдан Таиланд делегацияси ҳам жой олиб турибди (2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 сентябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.
Кеча соат 20:17 да Ашхободдаги Олимпия стадионида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган бўлса, бугун тонгдан асосий беллашувлар старт олди.