Аргентина ҳукумати, машҳур футболчилар ва мухлислар Лионель Мессини Аргентина терма жамоасидан кетмасликка кўндириш илинжида.
Очилиш маросимида Буэнос-Айрес мэри Орасио Родригес Ларрета ҳам иштирок этди ва қуйидаги сўзларни айтди:
“Биз буюк спортчиларимизни ҳурмат қиламиз. Бироқ бугун ўзгача кун. Лео дунёдаги энг яхши ўйинчиси. Месси – аргентиналиклар учун намуна бўла олган шахс, у аргентиналикларнинг элчиси”.
Бундан аввалроқ, Ларетта ижтимоий тармоқ орқали махсус видеолавҳани намойиш этиб, Леодан жамоани тарк этмасликни сўраганди.
“Футбол ишқибози сифатида, Лео, сиздан илтимос, бундай қилманг. Меҳримиз ва қўллаб-қувватлашимиз белгиси сифатида биз Пасео-де-ла-Глорияда сизнинг шарафингизга ҳайкалингизни ўрнатамиз. Камтаринлигингиз, истеъдодингиз учун ташаккур. Илтимос, кетма, Лео”, дея қўшимча қилинади видеотасвирга.
Орасио Родригес Ларрета Лионель Мессидан унинг жамоадан кетмаслигини сўраган ягона шахс эмас. Кеча, 28 июнь куни Аргентина президенти Маурисио Макри ва собиқ футболчи Диего Марадона Лионель Мессидан терма жамоадан кетмасликни сўрашганди.
Мамлакат раҳбари Месси билан телефон орқали боғланиб, терма жамоанинг ўйинидан қандай ғурур туйғусини туйгани ҳақида гапириб берди. Шу билан бирга, футболчини танқидларга эътибор бермасликка чақирди. Бундан ташқари, Макри ўзининг Twitter’даги саҳифасида ҳам Мессини қўллаб-қувватлади. “Умид қиламанки, дунёда энг кучлиларни кўриш имкониятидан олинган хурсандчилик ҳали кўп йиллар давом этади”, дейди у.
Марадонанинг сўзларига кўра, Месси 2018 йилда бўладиган Россиядаги жаҳон чемпионатига бутун эътиборини қаратмоғи лозим. “Жамоа енгилиб кетишга тайёрланаётганларга эмас, балки олға интилишга тайёр бўлган ўйинчиларга суяниши керак”, дейди футболчи.