...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ақтўбе фожиаси қурбонларининг яқинлари судга борди


18:54, 03.09.2018 Олам
 10 855

Ақтўбеда автобусда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар иши бўйича суд жараёни бошланди.

Ақтўбе вилоятидаги йўлда автобусда ёниб кетган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси бўйича иш юзасидан Жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган судда жараён бошланди. Бу ҳақда “Вnews.kz” хабар бермоқда.
 
Суд жараёнига Ўзбекистоннинг ҳалок бўлган 52 нафар фуқаросининг қариндошлари келган. Улар фарзандлари ҳали тирик эканини таъкидлаяптилар.
 
Юлдуз Ғаниева ушбу фожиада бирданига икки нафар яқини - ўғли ва набирасини йўқотди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг телефонлари ҳамон ишламоқда. У ҳалок бўлганлар рўйхатига тушган яқинларига доимий равишда қўнғироқ қилади, лекин уларнинг телефонлари жавоб бермайди.
 
“Биз улар ҳалок бўлганига ишонмаймиз. Улар тирик. Ўғлим ва набирамнинг телефони ҳали ҳам ишламоқда, лекин жавоб бермаяпти. Кўпчиликнинг телефонлари ишлаяпти. Одамлар ёниб кетди, лекин телефонлар ёнмаган. Бу қандай бўлиши мумкин? Демак, улар тирик. Эҳтимол улар қулликда ушлаб туришгандир”, деган у судда.
 
Бошқа жабрланувчилар ҳам худди шу фикрда. Бундай тахминларга келишга асосий далил шундаки, уларга ҳалок бўлган яқинларининг жасад қолдиқлари ва ўлимни тасдиқловчи таҳлиллар кўрсатилмаган. Фожиали ўлим топган ўзбекистонликларнинг қариндошлари сўзларига кўра, одамларни ёпиқ тобутларда олиб келишган ва дафн этишган.
 
Дарвоқе, жабрланувчилар жараёнга автобусда келиб, Ақтўбеда ижарага олинган квартираларга жойлашганлар. Улар адвокатларни ёллашмади, бироқ Ўзбекистон элчисидан судга келишни сўрашган.
 
“Биз элчихона вакилини талаб қиламиз, у бизнинг ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиши лозим. Биз адвокатларни ёлламадик. Аллоҳ - бизнинг адвокатимиз. Чунки фақатгина Аллоҳ буни кўрди”, - дея маълум қилишган улар.
 
Судланувчилар ўриндиғида Жанубий Қозоғистон вилоятидан бўлган уч нафар автобус ҳайдовчиси. Тергов органлари уларни транспорт воситасидан нотўғри фойдаланиш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузишда айблашмоқда.
 
Аммо айбланувчилар, худди уларнинг қариндошлари каби, айбни тан олишмаяпти. Уларнинг фикрича, улар билан бирга даҳшатли фожиада омон қолган икки нафар ўзбекистонликни ҳам суд қилиш керак.
 
“Менинг укам Максат Пернебековни суд қилишмоқда, гарчи у ухлаб ётган бўлган. Фожиа юз берганида уйғонган ва автобусдан сакраб тушиб, тасодифан омон қолган. У куйиш жароҳатларини олди. Нима учун фақат уч ҳайдовчини айблашмоқда? Нима учун омон қолган икки нафар ўзбек қўлга олинмади?”, - дейди судланувчининг опаси Нуршат Пернебекова.
 
Тириклайин ёнган ўзбекларнинг яқинлари эса бошқача фикрда. Улар судланувчилар учун энг оғир жазони талаб қилишмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳалок бўлган ўзбекларнинг ота-оналаридан икки нафари кулфатга бардош бера олмай вафот этган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ақтўбе фожиаси бўйича суд ишни кўриб чиқишни кейинга қолдиргани ҳақида хабар берган эдик.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ақтўбе Фожиа 52 нафар ўзбекистонлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!