...
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШ, Канада ва Озарбайжон Туркияга биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирди


10:06, 12.12.2016 Олам
 2 024

БМТнинг бош котиби Пан Ги Мун ҳам фожиа юзасидан Туркия ҳукуматига таъзия билдирди ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига қанчалар оғир экани ҳақидаги фикрларини баён этди.

Аввалроқ, 10 декабрь куни тунда Туркиянинг Истанбул шаҳрида иккита портлаш содир бўлгани, теракт муносабати билан мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилингани, президент Ражаб Тойиб Эрдўған эса Қозоғистон Республикасига ташрифини бекор қилгани ҳақида хабар берган эдик.  
 
БМТнинг бош котиби Пан Ги Мун фожиа юзасидан Туркия ҳукуматига таъзия билдирди ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига қанчалар оғир экани ҳақидаги фикрларини баён этди:
 
“Бу жуда оғир мусибат. Мен портлаш натижасида ҳалок бўлганларнинг оилаларига сабр, жароҳат олган фуқароларга эса тезроқ оёққа туришларини тилайман. Айбдорлар тез орада аниқланади ва ўз жазосини олади, деган умиддаман. Бўлиб ўтган воқеа юзасидан Туркия ҳукумати ва унинг ҳалқига таъзиямни изҳор этаман”.
 
Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев ҳам теракт муносабати билан биринчилардан бўлиб Ражаб Тойиб Эрдўғанга таъзия мактубини йўллади. Унда шундай дейилади:
 
“Бешиктош туманидаги портлаш натижасида кўплаб инсонларнинг қурбон бўлгани мени қаттиқ қайғуга солди. Биз ушбу террорчилик ҳаракати ҳақида баҳс олиб бормоқдамиз ва ҳар қандай ҳолатда ҳам терроризмга қарши курашиш керак, деб ҳисоблаймиз.
 
Бўлиб ўтган портлаш оқибатида вафот этганларнинг оилаларига, яқинларига ва бутун турк ҳалқига ўз номимидан, Озарбайжон ҳалқи номидан таъзия билдираман. Ўтганларни Яратган раҳматига олган бўлсин”.
 
АҚШда ҳам портлаш юзасидан катта баҳс олиб борилмоқда. Хусусан, Оқ уй Миллий хавфсизлик Кенгаши вакили Нед Прайс ҳам Туркия ҳукуматига таъзия мактубини йўллади.
 
“Биз портлаш натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари, Туркия ва унинг ҳалқи учун дуодамиз. БМТда террористик ташкилотларга қарши кураш борасида иттифоқчимиз бўлган Туркияга ўз таъзиямизни билдирамиз”, дейилади АҚШ томонидан келган таъзия мактубида.
 
Таъзия мактуби Канаданинг Ташқи ишлар вазири Стефан Дион томонидан ҳам йўлланган. Мактуб Дионнинг Twitter’даги саҳифаси орқали юборилган.
 
“Канада қонли ҳужум натижасида вафот этганларнинг оилаларига, Туркияга ва унинг ҳалқига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади навбатдаги мактубда.
 
Эслатиб ўтамиз, портлаш стадион яқинидаги туннель чиқишида турган автомобилдаги портловчи восита ҳаракатга келтирилиши оқибатида содир этилган. Шу маҳалда мазкур ҳудуддан ҳарбийлар бўлган автобус ўтиб кетаётган бўлган. Бомба масофадан туриб бошқарилган.
 
Террорчилик ҳаракати оқибатида 38 киши қурбон бўлди, 160 дан зиёд одам жароҳат олди. Ҳалок бўлганларнинг 30 нафари полиция ходимлари экани айтилмоқда.
 
Ҳозирча террорчилик ҳаракатида алоқадорликда гумон қилинаётган 10 киши ҳибсга олинган.
Умида Якубова
 

Теглар:Бешиктош теракти Таъзия мактублари Пан Ги Мун 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!