...
МЕНЮ
ONLINE TV

Анвар қори Турсунов ҳаж сафарига Абдулла Орипов билан бирга борганини айтди


19:14, 11.11.2016 Жамият
 7 575

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповни хотирлади.

5 ноябрь куни халқимизнинг улуғ адаби, Ўзбекистон Қаҳрмони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов АҚШнинг Хьюстон шаҳрида оламдан ўтди. 75 ёшида дунёдан кўз юмган шоир 10 ноябрь куни Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилди.
 
Замонамиз Алишер Навоийси деб таъриф берилган Абдулла Ориповнинг вафоти бутун ўзбек халқини чуқур қайғуга солди. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов марҳумни хотирлади.
 
Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:
— Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир” (Анбиё, 35). Ҳа, бандалик ҳақиқати бу фонийликдир. Боқий қолгувчи ёлғиз Тангри таолодир. 
 
Инсонга ато этилган фурсат – умр ҳаётини эл-юрт учун, жамият учун манфаатли ўтказишнинг ўзи ҳам бир саодат. Куни кеча ўзбек халқи, ўзбек шеърияти ўзининг забардаст ўғлони – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ҳамза номидаги, Абдулла Қодирий номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари соҳиби, шоир ва ижодкор Абдулла Ориповни боқий дунёга кузатди.
 
Абдулла Орипов ҳозирги ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни  теран, ҳаққоний, ўзига хос бетакрор куйлаган ижодкор эди. Ўз ижоди ила ўзбек шеъриятига янгича бадиий тафаккур йўсинларини олиб кирди. Шоир Яссавий, Навоий, Бобур, Чўлпон сингари ижодкорлар бадиий анъаналарининг давомчиси бўлди. Айниқса, истиқлол йилларида халқимиз хотирасидан унутилаёзган миллий қаҳрамонларимиз, буюк сиймоларимиз образини ҳаққоний гавдалантира олган, қолаверса, исломий тафаккурга йўғрилган миллий ўзлигимизни тараннум этган моҳир ижодкор эди. Бу борада унинг машҳур “Ҳаж дафтари ” (1992), “Соҳибқирон” (1996) номли тўпламлари, “Бобур”, “Савоб”, “Бандага сиғинма”, “Ҳидоят йўли”, “Мен кимга суянгум”, “Зиёли”, “Илтижо”, “Орият”, “Инсон”, “Сўнгги макон” ва бошқа кўпгина асарини келтириш мумкин.
 
Абдулла ака билан суҳбатларимизнинг бирида: “Тақсир, шеърларингизда имон ҳақида тафаккур ҳақида жуда кўп ёзгансиз”, дея марожаат этганимизда  – Бахил қанчалар диндор бўлмасин жаннатга кирмайди, олов ўтинни ёқиб битиргани каби ҳасад ҳасадчининг савобларини еб тугатади дейдилар. Мен гапни нарироқдан бошлаётганимнинг сабаби бор. Баъзиларда юзаки фикрлаш қусури кучайиб кетяпти. Айниқса, озроққина адабиётга даъвогарлиги бўлганларга бу дарднинг юқиши жуда ёмон. Ижодкор деганимиз, биринчи навбатда, тафаккур қилувчи жонзотдир. Бу қавм фикрлашсиз яшамаслиги, яшолмаслиги лозим. Ваҳоланки, аллақачонлар ўзини номдорлар қаторига қўшиб бўлган қаламкаш биродарларимизнинг кўплари ҳалигача Қуръони карим ёхуд ҳадиси муборакдан ҳам бехабарлар, дея айтган эдилар. 
 
Истиқлолимизнинг илк йилларида (1992 йил) Абдулла Орипов билан муборак ҳаж сафарида бирга бўлиш насиб этганди. Ўшанда моҳир ижодкор ўзларининг “Ҳаж дафтари” номли тўпламларини битган эдилар.
 
Абдулла Ориповнинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олган. Буюк истеъдод соҳибининг ижод намуналари асрлар давомида мухлислари томонидан севиб ўқилишига шубҳа йўқ. Аллоҳ таолодан севимли шоиримизнинг охиратлари обод бўлишини, асарларидаги миллий руҳ, маънавий покликдан сабоқ олган ҳар бир ўқувчи учун у кишига савоб ва мукофотлар етиб боришини сўраб қоламиз.
 

Теглар:Абдулла Орипов Анвар қори Турсунов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар