Мурожаат қилган барча фуқароларга шифохонада белгиланган тартибдаги тиббий муолажалар кўрсатилиб, 186 нафари стационар ҳолатда даволаниш учун ётқизилган.
Мурожаат қилган барча фуқароларга шифохонада белгиланган тартибдаги тиббий муолажалар кўрсатилиб, 186 нафари стационар ҳолатда даволаниш учун ётқизилган. Беморларнинг барчаси туман марказида жойлашган “Макс” кафесида музқаймоқ истеъмол қилишганини айтишган ва касалланишларини шу билан боғлашган.
Юзага келган кескин эпидемик вазиятни юмшатиш ва зарур маслаҳат ҳамда амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида, 15 май кунидан бошлаб туманда Давлат Бош санитар врачи - Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари С.Сайдалиев раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.
Беморларга кўрсатилган барча зарур даволаш муолажалари самараси ўтган суткалар ичида, яъни 17 май соат 8.00 ҳолатига 153 нафар фуқаронинг ҳолати яхшиланиб, уйига жавоб берилган. Қолган 33 нафар беморнинг ҳолати қониқарли, кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.
Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан беморлар истеъмол қилган музқаймоқ ҳамда ичимлик суви манбаларидан бактериологик ва кимёвий таҳлиллар ўтказиш учун намуналар олинган, уларни текшириш ишлари давом этмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва вилоят ҳокимлигининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан Шаҳрихон туманида амалга оширилаётган профилактик тадбирларни мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Юз берган овқатдан заҳарланиш ҳолатининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида туман Ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.