Бунинг натижасида ўқувчилар ўз вақтида, хавфсиз таълим муассасасига етиб боради ва уйга қайтади, йўл-йўлакай қизиқарли маълумотлар билан танишади.
Андижонда мактаб ўқувчиларини уйдан мактабга, дарс машғулотлари тугагандан сўнг уларни яна уйга элтиш бўйича махсус лойиҳа иш бошлади. Жумладан, Андижон шаҳрининг Қўшариқ, Узумзор, Боғишамол ҳамда кичик даҳалар бўйлаб аҳоли эхтиёжини ҳисобга олган ҳолда 3 та автоулов мактаб ўқувчиларига хизмат қилмоқда. Машиналарда кузатувчилар ўқувчилар учун тарихий маълумотлар, қизиқарли интерфаол ўйинлар ташкил қилиш билан бир қаторда машинага чиқиб-тушишлари ҳамда йўлдан ўтказиб қўйиш вазифасини ҳам бажарадилар.
“Бу лойиҳа ишга тушганига 1 ой бўлди. Аввалига автобус билан бошлагандик, лекин одам сони камлиги учун ҳозирча “Газель” автомобилида ўқувчилар хизматидамиз”, дейди лойиҳа раҳбари Жасурбек Тожиддинов.
Мазкур фаолиятнинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратсак, бир нафар мактаб ўқувчиси учун бир ойга 55 000 сўм миқдорида бадал тўланади. Агар ўқиш кунларини бир ойда ўртача 26 кун деб ҳисобласак, тўлов кунига 2 000 сўм атрофида тўғри келади. Бунинг натижасида ўқувчилар ўз вақтида, хавфсиз таълим муассасасига етиб боради ва уйга қайтади, йўл-йўлакай қизиқарли маълумотлар билан танишади. Қолаверса, ҳозирги кунда корхона 5 нафар иш ўрнига эга бўлиб, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга ўзининг ҳиссасини қўшаётгани аҳамиятга моликдир.
Ушбу жамият хизматидан фойдаланиш учун мактаб ўқувчисининг ота ёки онасидан ариза, 8 дона расм ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадан бир нусха талаб этилади. Ўқувчиларни ташиш давомидаги хавфсизлик жавобгарлигини жамият ўз зиммасига олади.
Шунингдек, таътил ва байрам кунлари ташкилот томонидан ўқувчилар учун махсус экскурсиялар ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар шаҳримиздаги “Бобур боғи” ҳамда “Ўлкашунослик” музейига саёҳатлар уюштирилди.
Андижондан махсус